28 ноябрь куни Бухоро вилояти жиноят ишлари бўйича судида 1−2 июль кунлари Қорақалпоғистонда содир бўлган воқеалар юзасидан жиноят иши кўриб чиқилмоқда. Суд ишини мустақил комиссия таркибида «Марказий Осиё уюшмаси» инсон ҳуқуқлари бўйича жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Гулноз Мамарасулова ҳам кузатиб боряпти.

Барча судланувчиларнинг кўрсатувлари тинглаб бўлингач, 2 декабрь, жума куни суд душанба кунигача танаффус эълон қилди. Шундан сўнг, Гулноз Мамарасулова «Газета.uz»га ўзининг хулосалари ва фикрлари юзасидан интервью берди.

Гулноз Мамарасулова. Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Унинг сўзларига кўра, Даулетмурат Тажимуратов тергов вақтида қийноққа солинмаган, аксинча унга ҳурмат кўрсатилган, фақат ҳибсга олиш вақтида қўполликларга йўл қўйилган.

«Даулетмурад Тажимуратовнинг 2 кунлик берган кўрсатмалари давомида тартиббузаликлардан кейинги кунларда, уни қўлга олиш жараёнида қўполлик бўлгани, турли хил босимлар тўғрисида ҳам маълумот берди. Шахсан мен Тажимуратов билан комиссия аъзоси сифатида у Урганчдаги тергов ҳибсхонасида сақланаётган даврида суҳбатда бўлганмиз. У „сиз қайси ташкилотдансиз?“ деган саволни ҳам берган. Таништириб ўтганман. Мен халқаро инсон ҳуқуқлари бўйича ташкилот фаоли эканлигимни билгандан кейин „Айнан сиз менга керакли одам экансиз, сизга гапларим бор“ деб, жуда ҳам муҳим фикрларни бериб ўтган», — деди у.

Ҳуқуқ фаоли Тажимуратовга «Босимлар тўғрисида тергов жараёнидан қандай эътирозларингиз бор? Босимлар бўляптими? Умуман ҳибсхоналардаги шароитлар қандай?» қабилидаги саволларни берганини айтди.

«У ўзига нисбатан терговчилар илиқ муомалада бўлаётгани, худди бугун сўроқ жараёнида айтиб ўтганидек, яхна ичимликлар қўйиб, уни меҳмон қилишиб, эркин, дўстона суҳбат ўтказилаётганини таъкидлаганди. Лекин, кечаги берган кўрсатмаларида унга нисбатан айрим босимлар кузатилгани, бироқ бу терговчилар томонидан бўлмаганини, қўлга олиш жараёнида эса қўполликлар қилингани ҳақида ҳам фикрлар бериб ўтди», — деди Гулноз Мамарасулова.

Унинг сўзларига кўра, албатта бу масала ҳали жараёнларда прокурорлар ва тегишли ташкилотлар томонидан кўтарилади, ўрганишлар давом этади. Бунинг нақадар ҳақ ёки ноҳақлиги, ё бошқа жиҳатлари таҳлил этилади.

Ҳуқуқ фаоли нафақат Тажимуратов, балки бошқа айбланувчилар ҳам судда ўз ҳақ-ҳуқуқларидан фаол фойдаланаётганини қайд этди.

«Биринчи кун тушликка қадар танаффусда 4 нафар айбланувчи ўзининг кўрсатмаларини берди ва уларнинг айбларини тасдиқлаш ёки айрим жиҳатларини ошириб кўрсатиш мақсадида Тажимуратов уларга нисбатан фаол ҳаракатланиб, уларга қарши ишлаши мумкин бўлган бир нечта саволларни фаол бериб борганини кузатдик. Ҳамда у айбланувчиларнинг қанчалик тарзда асабига текканини ҳам кўрдик», — деди Гулноз Мамарасулова.

«Аммо, эртаси куни тушликдан кейин Тажимуратовнинг ўзида кўрсатма бериш жараёни бошланди. Мана бугунги савол-жавоб қисмида шу айбланувчилар ҳам фаол иштирок этди. Яъни, улар ҳам ўзлариниг қайсидир айбларини енгиллаштирувчи ёки жараёнларнинг бевосита иштирокчиси сифатида Тажимуратовнинг хулоса ва кўрсатмаларини эшитганда „тўғри гапиряптими ёки у қайсидир жараённи ошириб, яшириб кўрсатяптими“, шуларни очиш мақсадида улар ҳам фаол [қарши саволлар берди]. Айримлари биргаликда тасдиқлашди, биргаликда ҳаракат қилишди», — дея таъкидлади у.

Шунингдек, у айбланвчиларнинг савол-жавобларда фаоллиги — ўз ўрнида Тажимуратовнинг асабийлашувига ҳам олиб келганини қайд этди.

«Албатта, қайсидир маънода у ҳақ ёки ноҳақлигини вақт кўрсатади. Тергов жараёнлари давом этмоқда. У ўзининг ишига оид гувоҳларнинг рўйхатини судга илтимоснома сифатида тақдим ҳам этди», — деди халқаро ташкилот вакиласи.

Унинг фикрича, суд жараёнларини жонли эфирда намойиш этиш жуда муҳим аҳамиятга эга.

Бу жараённинг шаффофлигини таъминлаш ҳамда уни халқ кузатиши, халқнинг бунга баҳо бериб бориши ва жараёнда қандай тўғри хулоса чиқаришларини бутун ҳамжамият, Қорақалпоғистон, Ўзбекистон халқи онлайн тарнсляцияда кузатяпти. Бу жараёнлар эртага суд ёки бошқа тегишли ташкилотларга нисбатан ҳам ўзларининг одиллигини, мана шу жараёнларни очиб беришда нақадар фаоллигини кўрсатишни талаб қилар эди. Ва бу жараён муҳимлиги сабабли очиқ тарзда трансляция қилинмоқда", — деди «Марказий Осиё уюшмаси» жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари.

Видео