2022 йилнинг ўтган ўн ойи давомида ижтимоий тармоқларда ички ишлар ходимлари ва фуқаролар ўртасида кузатилган юздан ортиқ можаро, келишмовчиликлар тарқалган. Шундан, 70 фоизга яқин ҳолат тасдиғини топмаган. Бу ҳақда 1 декабрь куни АОКАда ИИВ масъуллари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида сўз юритилди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

ИИВ департамент бошлиғи ўринбосари Ҳамза Махсумовнинг таъкидлашича, ижтимоий тармоқларда тарқалган барча ҳолатда ҳам ички ишлар ходимини айбдор, деб бўлмайди.


Фото: АОКА / Ҳамза Махсумов

«Бир нарсага алоҳида эътибор қаратмоқчиман. Ижтимоий тармоқларда тарқалаётган ходимлар ва фуқаролар ўртасидаги ҳолатлар тизим имижига ҳамда хизмат вазифасини сидқидилдан бажариб келаётган кўп сонли ходимларимизнинг обрўсига барибир салбий таъсир кўрсатяпти. Тўғрисини айтиш керак, хизмат ўташ тартибини бузиб келаётган ходимларимиз ҳам бор. Буни инкор қилиб бўлмайди, бу бор нарса ва ҳақиқат. Биз ҳар бир ҳолат бўйича ўрганиш ишларини олиб борамиз. Лекин ижтимоий тармоқларда тарқалган ҳамма ҳолатда ҳам ходимни айбдор, деб бўлмайди», — деди у.

Унинг қайд этишича, 2022 йилнинг январь-октябрь ойида 344 та ҳолатда хизмат вазифасини ўтаётган ички ишлар органлари ходимларига нисбатан фуқаролар томонидан қаршилик кўрсатилган.

«194 та ҳолатда 258 нафар фуқарога нисбатан прокуратура органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, суд ҳукмига кўра, 72 нафари жавобгарликка тортилган. Бугунги кунда тергов ҳаракатлари кетаётган ҳолатлар ҳам мавжуд», — деди ИИВ вакили.

Таҳлилларга кўра, шу йилнинг ўн ойида 25 нафар ички ишлар ходими: 9 нафари йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида, 16 нафари хизмат вазифасини бажариш вақтида вафот этган. «Куни кеча Олмазор туманида профилактика инспектори ҳам тўғридан-тўғри хизмат вазифасини бажараётган вақтида бир неча марта муқаддам судланган шахс томонидан пичоқлаб ўлдирилди. Биз унинг оила аъзоларига қандай жавоб беришни билмай турибмиз, ечим тополмаяпмиз», — дея қўшимча қилди у.

Ҳамза Махсумовнинг айтишича, хизмат вазифасини бажариш пайтида турли даражада тан жароҳати олган ички ишлар ходимлари ва иш вақтида ҳалок бўлган ходимларнинг оила аъзоларини моддий томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида бир марталик нафақа тайинлаш тизими жорий этилган.

«2022 йилнинг ўн ойида тан жароҳати олган 23 нафар ходимларнинг ўзларига ҳамда вафот этган 16 нафар ходимларнинг оила аъзоларига бир марталик нафақа тайинланди», — деди департамент бошлиғи ўринбосари.