28 ноябрь куни президент «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида»ги [ЎРҚ-803 сонли] қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Қонунга кўра, кўчмас мулкнинг қуйидаги турларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказишга нисбатан татбиқ этилади:

  • ер участкаларига;
  • биноларга, иншоотларга, шу жумладан қурилиши тугалланмаган объектларга;
  • кўп йиллик дов-дарахтларга;
  • мулкий мажмуа сифатидаги корхонага.

Кўчмас мулкка бўлган қуйидаги ҳуқуқлар ёки чекловлар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим:

  • мулк ҳуқуқи;
  • ️доимий эгалик қилиш ҳуқуқи;
  • ️доимий фойдаланиш ҳуқуқи;
  • ️мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи;
  • ️ижара ҳуқуқи;
  • ️иккиламчи ижара ҳуқуқи;
  • ️хўжалик юритиш ҳуқуқи;
  • ️оператив бошқариш ҳуқуқи;
  • ️кўчмас мулкни ишончли бошқариш ҳуқуқи;
  • ️бепул фойдаланиш ҳуқуқи;
  • ️рента;
  • ️ипотека;
  • ️сервитут;
  • ️кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларга қўйилган чекловлар.

Бинолар, иншоотлар ҳамда қурилиши тугалланмаган объектларга бўлган ҳуқуқлар улар жойлашган ер участкасига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин рўйхатга олинади.

Шунингдек, кўчмас мулкнинг кадастр йиғмажилдини шакллантириш учун қуйидагилар асос бўлади:

  • ер участкаларининг белгиланганлиги (реализация қилинганлиги);
  • ️бинонинг, иншоотнинг қурилганлиги ва фойдаланишга топширилганлиги;
  • ️белгиланган тартибда ажратилган ер участкасида қурилиши тугалланмаган объектнинг мавжудлиги;
  • ️кўчмас мулкнинг бўлинганлиги;
  • ️кўчмас мулкнинг бирлаштирилганлиги.

Давлат реестри кўчмас мулк, унга бўлган ҳуқуқлар, шунингдек ҳуқуқ эгалари тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси тарздаги тизимлаштирилган маълумотлар тўпламидан иборат.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.

Эслатиб ўтамиз. 2019 йил 5 апрель куни «Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги президент қарори қабул қилинганди.

Унга кўра, 2019 йил 1 сентябрдан Тошкент шаҳридаги, 2020 йил 1 январдан республиканинг барча ҳудудларидаги кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқлар ҳақидаги маълумотлар Реестрга (Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестридан) фақат электрон шаклдаги кадастр паспорти тайёрланганидан кейин нотариуслар томонидан электрон киритиш тартиби йўлга қўйилган.