Навоий шаҳрида Халқ депутатлари Навоий вилояти Кенгаши сессияси бўлиб ўтди. Унда Шавкат Мирзиёев иштирок этди. Бу ҳақда президент матбуот котиби маълум қилди.

Сессияда президент вилоят фаолларининг билдирган фикрлари асосида Навоий вилояти ҳокими лавозимига ҳоким вазифасини бажариб келаётган Нормат Турсунов номзодини тавсия этди.

Номзоднинг ҳудудни жадал ривожлантириш, аҳолига муносиб турмуш шароити яратиш, мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича режаларини эшитиш таклиф қилинди. Номзод вилоятда тадбиркорлик ва хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича режаларини айтди.

Шулардан келиб чиқиб, президент мутасаддиларга:

  • келгуси йилда 26 та маҳаллий саноат маркази ва кичик саноат зоналарини ташкил этиш;
  • оилавий тадбиркорлик дастурлари учун қўшимча 100 миллиард сўм, келгуси йилда 600 миллиард сўм йўналтириш;
  • Нурота, Хатирчи ва Навбаҳордаги бўш биноларда моно-марказ ташкил этиб, камида 5 минг ёшларни замонавий касбларга ўқитиш;
  • М-37 магистрал йўлида 3,5 мингта сервис объектларини ишга тушириш;
  • Карманадаги Мавлоно Ориф Дег-Гароний мажмуасини таъмирлашга 15 миллиард сўм ажратиш;
  • 20 та туризм маҳалласида инфратузилмани яхшилаш бўйича 50 миллиард сўмлик лойиҳани 2023 йил давлат дастурига киритишга топшириқ берди.

Давлат раҳбари келгуси йилда саноатда 186 та лойиҳани амалга ошириб, 15 мингта янги иш ўрни яратиш зарурлигини кўрсатиб ўтди. У мутасаддиларга:

  • йил якунигача ҳар бир тармоқ бўйича 25 тадан маҳаллийлаштириш лойиҳа пакетини шакллантириш;
  • келгуси йилдан 200 нафар тадбиркор билан кооперация асосида маҳсулот ишлаб чиқаришни бошлаш;
  • бир ой муддатда 188 та яйловларда жойлашган норуда конларни аукционга чиқариш;
  • йил якунигача 8 та Ёшлар саноат зонаси инфратузилмасига 20 миллиард сўм ажратиш;
  • Навоий эркин иқтисодий зонасида келгуси йилда 200 миллион доллар қўшимча инвестиция жалб қилиб, 20 мингта иш ўрни яратиш бўйича топшириқлар берди.

Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштиришни 2 бараварга ошириб, 100 минг нафар аҳолини банд қилиш зарурлиги таъкидланди. Номзод ўз тақдимотида бу борадаги режаларини кўрсатди. Давлат раҳбари мутасаддиларга:

  • келгуси йилда Хатирчи, Кармана, Навбаҳор, Қизилтепа ва Нуротадаги 72 та маҳалла атрофидаги 5 минг гектарда сув таъминотини яхшилаб, узумзор ва мевали боғлар барпо этишга 4 миллион доллар йўналтириш;
  • келгуси йилда Конимех, Томди ва Учқудуқ яйловларида қудуқ қазишга 10 миллиард сўм субсидия ажратиш;
  • 1,5 минг гектарда яйлов ўсимликлари уруғчилиги хўжалиги ҳамда 5 минг гектарда каврак плантацияларини барпо этиш;
  • дала ва йўл четларида 6 миллион дона тут кўчатини экиш ва ипакчиликда 58 минг аҳоли бандлигини таъминлаш;
  • келгуси йилда қоракўлчилик ва қўйчилик лойиҳаларига 20 миллион доллар ажратиш;
  • келгуси йилда 10 миллион доллар инвестиция ҳисобидан Кармана ва Хатирчида агрологистика марказларини ишга тушириш;
  • 500 минг гектар яйловларда ёшлар бандлигини таъминлаш дастурини қабул қилишни топширди.

Дастур доирасида лойиҳаларга 15 миллион доллар ҳамда қудуқ қазишга қўшимча 20 миллиард сўм субсидия ажратиш кўзда тутилган.