24 ноябрь куни тонгда Тошкентдаги Учтепа туманида икки шахс аёлни мажбурлаб машинада олиб қочаётгани акс этган видео тармоқларда тарқалди. Буни Nemolchi.uz (Сукут сақлама) ўз Telegram-каналига жойлади. Ички ишлар бош бошқармаси бунга расмий муносабат билдириб, олиб қетилаётган аёл шахслардан бирининг хотини эканини маълум қилди.

Видеодан маълум бўлишича, шахслар 70 Р 300 SА давлат рақамли Tracker автомобилида кўча муйилишига келиб, йўл четида кетаётган қизнинг олдида тўхтаган. Ундан икки эркак тушган ва аёлнинг кетидан қувлаган. Орадан кўп ўтмай эркаклар уни тутиб, судраб келиб машина ичига олиб кирган.

Аниқланишича, 1992 йилда туғилган Д.Ш. турмуш ўртоғи 2000 йилда туғилган М.А билан оилавий келишмовчилик юзага келган.

Натижада аёл фарзандини турмуш ўртоғида қолдириб, Тошкент шаҳрига кетиб қолган. Ўғил 1963 йилда туғилган отаси Х.М. билан бирга Tracker`да аёлини қидириб, Учтепа туманидан топган ҳамда Қашқадарё вилояти Косон туманидаги ўзининг уйига олиб борган. Ҳозирда у уйида.

Ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ билан ҳамкорликда терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

М.А. ва унинг оиласи хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлари томонидан тўлиқ ўрганилмоқда. Текширув якуни бўйича айбдор шахсларга қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади, дейилади хабарда.