24 ноябрь куни хорижий давлатларнинг Ўзбекистонга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш тантанали маросими бўлди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёев Корея Республикаси элчиси Ким Хи Санг, Қирғиз Республикаси элчиси Муса Жаманбаев, Жазоир Халқ Демократик Республикаси элчиси Бумедиен Геннад, Қозоғистон Республикаси элчиси Бейбут Атамкулов, АҚШ элчиси Жонатан Хэникдан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Президент янги тайинланган элчиларни самимий қутлаб, Ўзбекистонда дипломатик миссиясини бошлагани билан табриклади.

Давлат раҳбари мамлакатда бозор иқтисодиёти тамойилларини чуқурлаштириш, хусусий секторни фаол қўллаб-қувватлаш, хорижий сармоя ва технологияларни кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидлади.

Буларнинг натижасида сўнгги 5 йилда иқтисодиётимиздаги хорижий инвестициялар ҳажми 10 баравар ошиб, 40 миллиард долларга яқинлашгани айтиб ўтилди.

«Биз келгуси 10 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти ҳажмини икки баробарга оширишни мақсад қилиб қўйганмиз, — деди Шавкат Мирзиёев. Бунинг учун бизда хоҳиш-ирода ҳам, интилиш ва имкониятлар ҳам етарли. Бундай улуғвор марраларга эришиш учун сармоялар ҳажмини келгуси 5 йилда 120 миллиард долларга етказиш, жумладан, камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб этишни ҳисоб-китоб қилганмиз. Мамлакатимиз эшиклари жаҳон учун, дунё бозорлари эса юртимиз учун очиқ бўлиши керак.

Корея Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Ким Хи Санг.

Давлат раҳбари Корея Республикаси томонидан киритилган инвестициялар ҳажми ва қўшма корхоналар сони ҳам икки баробарга кўпайганини таъкидлаб, 2023 йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва Ўзбекистон-Корея бизнес форуми ўтказилиши режалаштирилганини маълум қилди.

Қирғиз Республикаси Фавқулодда ва мухтор элчиси Муса Жаманбаев.

Қирғизистон элчисига мурожаат қилар экан, президент чегара масалалари ҳал қилингани мисли кўрилмаган умумий ютуқ бўлганини қайд этди. Шунингдек, Шавкат Мирзиёев келгуси ойда Қирғизистонга бўлажак ташрифи икки томонлама алоқаларни янада мустаҳкамлашига ишонч билдирди.

Жазоир — араб-мусулмон оламида жадал ривожланиб бораётган муҳим ўрни таъкидланди. Шунингдек, икки томонлама ҳамкорлик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсадида келгуси йили Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг илк йиғилишини ҳамда «Made in Uzbekistan» саноат кўргазмасини ўтказиш таклифи билдирилди.

Жазоирнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бумедиан Геннад.

Қозоғистоннинг стратегик ҳамкор ва яқин иттифоқчи эканини яна бир бор таъкидланиб, декабрь ойи бошида Қозоғистон президентининг Ўзбекистонга кутилаётган ташрифи давлатлараро муносабатларда янги даврни бошлаб беришига ишонч билдирилди.

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов.

«Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг глобал миқёсдаги энг муҳим ва ишончли ҳамкорларидан биридир. Бу йил давлатларимиз ўртасида дипломатик алоқалар ўрнатилганининг ўттиз йиллиги ҳамда Стратегик шериклик тўғрисидаги декларация имзоланганининг йигирма йиллиги нишонланди», дейилади хабарда.

АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник

Давлат раҳбари ўзаро стратегик шерикликнинг янги шароитида Ўзбекистон савдо ва инвестициялар, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, энергетика, таълим, инновация, соғлиқни сақлаш каби соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Президент ҳузуридаги Хорижий инвесторлар кенгашининг яқинда бўлиб ўтган биринчи йиғилишида Америка компаниялари вакиллари ҳам қатнашгани янги лойиҳаларга йўл очишига ишонч билдирилди.

Шунингдек, «С5+1» форматидаги кўп томонлама ҳамкорликни ҳамда Афғонистон бўйича мулоқотларни изчил давом эттириш минтақамизнинг умумий барқарорлигига хизмат қилиши таъкидланди.

Маросим якунида Шавкат Мирзиёев элчиларнинг масъулиятли ва шарафли фаолиятига катта муваффақиятлар тилади. Мамлакатимиз билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш, ҳали ишга солинмаган салоҳиятни рўёбга чиқариш, янги «ўсиш нуқталари»ни топиш борасида фаол ва ташаббускор бўлишга чақирди.

Элчилар самимий қабул ва самарали фаолиятига яратилган шароитлар учун миннатдорлик билдириб, икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга бор билим ва куч-ғайратини йўналтиришини қайд этди.