2022 йилнинг январь-октябрь ойлари якуни билан республиканинг ташқи савдо айланмаси 40,1 млрд долларни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 7,3 млрд долларга ёки 22,2% га кўпайди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси тақдим этган шарҳда маълум бўлди.

ТСАда экспорт ҳажми қарийб 15,5 млрд АҚШ долларига (23,8% га кўпайди) ва импорт ҳажми 24,6 млрд АҚШ долларига (21,2% га кўпайди) етди. Ҳисобот даврида — 9,1 млрд АҚШ доллари қийматида пассив ташқи савдо баланси қайд этилди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Экспорт ҳажмининг энг юқори кўрсаткичлари Хитой ($2,2 млрд), Россия ($2,5 млрд), Қозоғистон ($1,1 млрд), Туркия ($1,3 млрд) давлатларида қайд этилди.

Энг кам экспорт ҳажми эса Жанубий Корея Республикаси ($41,6 млн) ва Ҳиндистон ($29,3 млн) билан амалга оширилган.

Маҳсулот ҳам хизматларнинг энг кўпи ХХР ($5,2 млрд), Россия Федерацияси ($4,9 млрд), Қозоғистон ($2,6 млрд), Жанубий Корея ($1,9 млрд) дан олиб келинган. Энг кам импорт Афғонистон ($7,3 млн) билан амалга оширилди.

Ташқи савдо айланмасининг энг катта ҳажми 2021 йил февраль ойида қайд этилиб, 5,2 млн АҚШ долларини ташкил этди. 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 2,8 млн АҚШ долларига кўпайди. 2022 йил октябрь ойида ташқи савдо айланмаси ҳажми 4,1 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 9,4 фоизга камайди.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан учта давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган, хусусан, Афғонистон, Қирғиз Республикаси ва Тожикистон шулар жумласидандир. Қолган 17 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда, дейилади қўмита шарҳида.

Январь- октябрь ойларида ижобий сальдо Афғонистон (572 млн доллар), Қирғизистон (555,7 млн доллар) ва Тожикистон (271,4 млн доллар) давлатлари билан кузатилди.

195 та мамлакат орасида ташқи савдо айоанмасининг нисбатан салмоқли ҳиссаси ХХРда (18,7%), Россия Федерациясида (18,6%), Қозоғистонда (9,3%), Туркияда (6,7%), Корея Республикасида (4,9%), Қирғиз Республикаси (2,5%) ва Германияда (2,2%) қайд этилган.

2022 йилнинг январь-октябрь ойларида, Ўзбекистон Республикаси ташқи савдо айланмасининг учдан бир қисми ёки 39,6 фоизи МДҲ давлатларига тўғри келиб, ташқи савдо айланмасидаги 2021 йилнинг мос даврига нисбатан улуши 1,5% га кўпайган.

Республика ташқи савдо айланмаси таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 39,1% улуш билан 15,7 млрд АҚШ долларини, энг қуйи улушни эса Сурхондарё вилояти 0,8% улуш билан 319,7 млн долларни ташкил этди.

Экспорт

Январь-октябрь ойларида мамлакатнинг экспортёрлари сони 6 586 тани ташкил этиб, улар томонидан 12,5 млрд АҚШ доллари (олтиндан ташқари) қийматидаги (2021 йилнинг мос даврига нисбатан 123,3% га кўпайди) товар ва хизматлар экспорт қилиниши таъминланди.

Экспорт таркибида товарлар улуши 78,8% ни ташкил этиб, улар саноат товарлари (23,9%), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (8,2%) ва кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (7,1%) ҳиссасига тўғри келмоқда.

Ўтган 10 ой давомида хизматлар соҳаси, саноат товарлари ва олтин энг кўп экспорт қилинган.

Экспортнинг энг катта ҳажми 2022 йил февраль ойида қайд этилиб, 2,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди. 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 1,9 млрд АҚШ долларига кўпайди. 2022 йил октябрь ойида экспорт ҳажми 1,4 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 33,4 фоизга камайди.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Республика экспорти таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 24,5% улуш билан 3,8 млрд АҚШ долларини, энг қуйи улушни эса Жиззах вилояти 1% улуш билан 161,1 млн АҚШ долларини ташкил этди.

Импорт

Ўтган 10 ой давомида импорт ҳажми 24,6 млрд АҚШ долларини ва 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 121,2% ни ташкил этди. Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (31,6%), саноат товарлари (19,3%) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13,9%) ҳисобига тўғри келди.

Импортнинг энг катта ҳажми 2022 йилнинг март ойида қайд этилиб, 2,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди. 2021 йилнинг шу ойига нисбатан 8,6 млрд АҚШ долларига камайди. 2022 йил октябрь ойида импорт ҳажми 2,6 млрд АҚШ долларини ташкил этди ва 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 12,6 фоизга кўпайди.

Республика импорти таркибида энг юқори улушни Тошкент шаҳри 48,4% улуш билан 11,9 млрд АҚШ долларини, энг қуйи улушни эса Сурхондарё вилояти 0,5% улуш билан 130 млн АҚШ долларини ташкил этди.