20 ноябрь куни Қатарнинг Ал-Хаур шаҳрида футбол бўйича 2022 йилги Жаҳон чемпионатининг очилиш маросими ва дастлабки учрашуви бўлиб ўтди. Тарихда 22-марта бўлиб ўтаётган ушбу чемпионатнинг илк учрашувида мезбон мамлакат — Қатар A гуруҳидаги рақибларидан бири Эквадор терма жамоси билан ўйнади. Гуруҳ босқичи 1-турининг биринчи учрашуви мезбонларнинг мағбулияти билан якунланди.

Очилиш маросими

ЖЧ-2022 очилиш маросими ва илк учрашув: Қатар — Эквадор ўйини «Ал-Байт» стадионида 67 372 нафар томошабин қаршисида бўлиб ўтди. Ушбу стадион анъанавий бадавийлар чодирига ўхшатиб қурилган бўлиб, бундай чодирлар Қатарнинг ҳамда мамлакат меҳмондўстлигининг рамзларидан биридир.

«Ал-Байт» стадиони.

Чемпионатнинг очилиш маросими деярли 30 дақиқа давом этди ва унда актер Морган Фримен, BTS гуруҳи ва шу каби бошқа юлдузлар кўриниш беришди.

Очилиш маросимининг биринчи эпизодида Голливуд актёри Морган Фримен маҳаллий жамоат арбоби, Паралимпия спортчиси билан суҳбат қурди. Улар бу жаҳон чемпионати бутун дунё учун очиқ эканлиги ва барчамизни бирлаштирувчи ҳиссиётлар ҳақида сўзлашишди.


Кейин навбат маскотлар парадига берилди. Яъни шу пайтгача бўлиб ўтган барча жаҳон чемпионатлари рамзлари майдон ўртасида гавдалантирилди ва қайтадан таништирилди.

Очилиш маросими корейс ҳамда араб қўшиқчилари иштирокидаги концерт билан давом эттирилди.

Очилиш маросимидан лавҳалар / Reuters.

Қатар — Эквадор 0:2

Ўйин давомида Қатар терма жамоси рақибларининг дарвозасига нафақат йўл топа олмади, балки дарвозага бирорта аниқ зарба ҳам йўллай олмади. Ўйиннинг илк дақиқаларидаёқ Эквадор терма жамоаси Қатар дарвозасига гол киритди, аммо VAR тизими орқали вазият текширилгач, Эквадор футболчиларидан бири ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетгани маълум бўлди ва гол бекор қилинди.


Бироқ, кўп ўтмай Эквадор терма жамоаси ўзининг ўткир ҳужумларидан бирида охир-оқибат ўз мақсадига эришди. Навбатдаги хужумда Қатар дарвозабони жарима майдончаси ичига кириб борган ҳужумчига нисбатан қўполлик ишлатди ва мезбонлар дарвозасига қарата пенальти белгиланди. «Фенербахче» футбол клуби ҳужумчиси Эннер Валенсия пенальтини аъло даражада бажариб, Эквадорни олдинга олиб чиқди.

Учрашувдаги иккинчи гол ҳам биринчи таймда рўй берди. Ушбу голга ҳам эквадорлик сермаҳсул ҳужумчи Эннер Валенсия муаллифлик қилди. У жарима майдончаси ичига қанотдан йўлланган тўпни дарвозанинг чеккасига йўналтирди. Қатар дарвозабони ушбу зарбани қайтариш учун ожизлик қилди. Шу билан ўйиннинг 31-дақиқасидаёқ ҳисоб 0:2 кўринишга келди. Ушбу ҳисоб ўйиннинг охиригача сақланиб қолди.

Бу жаҳон чемпионатига мезбонлик қилган мамлакатларнинг илк учрашувлари орасидаги илк мағлубият бўлди. Бунгача бўлиб ўтган 21 та ЖЧда мезбонлар 16 тасида ғалабага, 6 тасида дурангга эришишган (2002 йилги Жаҳон чемпионати иккита мамлакатда: Жанубий Корея ва Японияда бўлиб ўтган эди).

Маълумот учун, А гуруҳининг 2-тури доирасида 25 ноябрь куни Қатар Сенегал билан, Эквадор эса Нидерландия билан ўйнайди.