Ўзбекистонга қарши қаратилган ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланиб, қидирувга берилган икки фуқаро хориждан Ўзбекистонга олиб келинди, дея хабар бермоқда ИИВ матбуот хизмати.

«Чет эл ҳуқуқ-тартибот идоралари билан олиб борилган ҳамкорликдаги тадбирлар давомида… хорижий давлатларнинг бирида қўлга олинган» иккала фуқаро ҳам 1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Улар қачон ва айнан қаерда қўлга олинганига аниқлик киритилмаган.

Маълум қилинишича, улар «хорижий хорижий давлатларда мавсумий ишлаши давомида Интернет орқали халқаро террорчилик ташкилотлари аъзолари билан доимий алоқада бўлиб келган».

«Уларнинг таъсирида 2021 йилнинг август ойида Сурия Араб Республикаси ҳудудига ўтиб, „Тавхид ва жиҳод катибаси“ халқаро террорчилик ташкилоти сафига қўшилган ҳамда жанговар тайёргарликдан ўтган», — дейилади ИИВ ахборотида.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жиноят иши қайси моддалар бўйича очилгани маълум қилинмаган.

Хабар сўнгида ИИВ фуқароларга мурожаат қилиб, уларга «сизда шубҳа туғилган Telegram гуруҳларига аъзо бўлишдан асранишни маслаҳат» берган.