Президент Шавкат Мирзиёев 14 ноябрь куни одил судловни таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан йиғилиш ўтказди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда суд соҳасидаги муаммолар таҳлил қилиниб, соҳани ислоҳ қилиш бўйича таклифлар муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, ҳар йили ўртача 1,5 млн аҳоли судларга мурожаат қилади. «Вилоят судлари одил қарор чиқариш бўйича етарлича масъулият олмаётгани сабабли оворагарчиликлар кўп». Мисол учун, йил бошидан буён 18 минг фуқаро вилоят судлари қабул қилган қарорлардан норози бўлиб, Олий судга келган.

Судларда ишларни кўриб чиқиш эскича давом этяпти. Адвокатларнинг ўрни юқори эмас. Терговчилар ўз устида ишламай қўйган, дейилади хабарда.

«Судга аралашувларнинг олдини олиш учун судьяларнинг ваколат муддати узайтирилди, маоши кескин оширилди. Уларни лавозимга тайинлаш Судьялар олий кенгашига ўтказилди. Лекин бу борада ҳалиям айрим бўшлиқлар бор», — дея қайд этди матбуот хизмати.

Шу боис президент судларда тортишув муҳитини шакллантириш, ҳуқуқ-тартибот идоралари ишини такомиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.

Вилоят судлари масъулиятини ошириш, жиноят ишини айблов хулосаси ва ҳимоячи фикри билан бирга қабул қилишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Судьялар олий мактабини тубдан ислоҳ қилиш, туман ва вилоят судлари учун мол-мулк, оила, солиқ, меҳнат муносабатларига ихтисослашган судьялар тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди. Судьялар ҳамжамиятининг ваколатларини кучайтириш, судьялар сонини босқичма-босқич кўпайтириш таклифи маъқулланди.

Давлат раҳбари соҳада рақамлаштиришни кенгайтириб, ахборот тизимларини уйғун қилиш, замонавий технологиялар орқали одамларга қулайликларни ошириш бўйича топшириқлар берди.