13 ноябр куни соат 16:20 да Туркиянинг Истанбул шаҳри Бейўғли туманидаги Истиқлол кўчасида портлаш содир бўлди. Шаҳар волийси Али Ерликаянинг маълум қилишича, ҳодиса оқибатида 6 киши ҳалок бўлди, 53 киши жароҳатланди.

Мамлакат президенти Режеп Таййиб Эрдоған «ҳужумда террористик акт ҳиди бор»лигини қайд этди. «Бир аёл кишининг ушбу ишда роли борлиги юзасидан дастлабки далиллар мавжуд», — деди у.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан Vodafone Park стадионида ўтказилиши режалаштирилган «Бешиктош» — «Анталяспор» учрашуви бекор қилинди.

Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ҳодиса юзасидан муносабат билдирар экан, шаҳар ҳокимияти қошида тузилган штаб билан алоқада эканини маълум қилди. «Хозирга қадар ҳодиса оқибатида жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари мавжудлиги ҳақида маълумот йўқ», — дейилади яна бир хабарда.