Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Давлат фуқаролик хизматида ротация қилиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Ротация — давлат фуқаролик хизматчисини эгаллаб турган лавозимдан тенг бўлган бошқа давлат фуқаролик хизмати лавозимига ўтказиш.

Унга кўра, 2023 йил 1 январдан бошлаб давлат фуқаролик хизмати татбиқ қилинган давлат органлари ва ташкилотларида қуйидаги тартиб жорий этилади:

  • Давлат фуқаролик хизматчилари мажбурий, режали ва режадан ташқари тартибда ротация қилинади;
  • давлат фуқаролик хизматчиларини ротация қилиш бир давлат органи доирасида ҳамда бошқа давлат органлари ўртасида амалга оширилади;
  • давлат фуқаролик хизматчиси ротация тартибида лавозимга тайинланганда танлов ўтказилмайди;
  • ротация тартибида лавозимга тайинланган давлат фуқаролик хизматчиларига ижтимоий кафолатлар ва тегишли компенсациялар белгиланади;
  • Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда — Агентлик) давлат фуқаролик хизматида мажбурий равишда ротация қилиниши лозим бўлган давлат фуқаролик хизмати лавозимлари мониторингини олиб боради.

Давлат фуқаролик хизматчисини ротация қилиш қуйидаги мақсадларда амалга оширилади:

  • давлат фуқаролик хизматчиси шахсий ва касбга оид сифатлари, бошқарув кўникмаларини ривожлантириш;
  • давлат органи фаолияти самарадорлигини ошириш, ҳудудларни жадал ва комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлаш;
  • раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш, давлат фуқаролик хизматчилари салоҳияти ва тажрибасидан оқилона фойдаланиш;
  • коррупциявий хавф-хатарлар олдини олиш.

Қуйидаги давлат фуқаролик хизматчилари ротация қилинмайди:

  • тайёрлаш, қайта тайёрлашдан ва малака оширишдан ўтаётган;
  • ҳомиладор аёллар, уч ёшга тўлмаган болалари бор аёллар;
  • тиббий хулосага асосан ўзлари ёки улар билан бирга яшовчи оила аъзолари соғлиғи ҳолати ротация ўтказилаётган давлат фуқаролик хизмати лавозими бўйича хизмат мажбуриятларини амалга ошириш имкониятини бермайдиганлар;
  • пенсия ёшига етишига уч йил қолганлар.

Инсон ресурсларини бошқариш бўлинмалари ва коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари давлат фуқаролик хизматчилари ротациясини амалга ошириш масалалари бўйича давлат органи масъул таркибий тузилмаси ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизматчиларини ротация қилиш мажбурий, режали ва режадан ташқари тартибда амалга оширилади. Давлат фуқаролик хизматчисини мажбурий ротация қилиш шартлари ва муддатлари унинг меҳнат шартномасида назарда тутилади.

Давлат фуқаролик хизматчисини режадан ташқари тартибда ротация қилиш учун қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

  • давлат фуқаролик хизматчисининг меҳнатидан оқилона фойдаланиш зарурияти;
  • давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий ва ишчанлик фазилатларини ривожлантириш, бўш ўринларни тўлдириш зарурияти, уларнинг турли соҳа ва йўналишларда билим ва тажрибасини ошириш;
  • давлат фуқаролик хизматчисининг янги мутахассислик бўйича тайёргарлик ёки қайта тайёргарликдан ўтганлиги;
  • ташкилий-штат тадбирлари ўтказилиши;
  • манфаатлар тўқнашуви ва коррупциявий ҳолатларнинг олдини олиш;
  • давлат фуқаролик хизматчисининг соғлиғи ўзи ишлаб турган лавозимда ишлаш имконини бермайдиган даражада ўзгарганлиги;
  • давлат фуқаролик хизматчисига нисбатан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси;
  • давлат фуқаролик хизматчисининг шахсий ташаббуси.

Давлат фуқаролик хизматчиларини режадан ташқари тартибда ротация қилиш агентлик билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

Низом лойиҳаси муҳокамаси 25 ноябргача давом этади.