Вазирлар Маҳкамаси биносида қуввати 630 кВт бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди, дея хабар қилди Энергетика вазирлиги.

Мазкур қуёш фотоэлектр станцияси йилига 1,1 млн кВт-соатдан зиёд электр энергияси ишлаб чиқаради.

Станция Вазирлар Маҳкамаси биносини кундуз куни тўлиқ электр энергияси билан таъминлайди. Шу билан бирга, эҳтиёжидан ортган қисмини ҳудудий электр тармоқларига узатиш имконияти ҳам яратилди.

Ушбу станция президент раислигида қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги топшириқлар ижроси юзасидан амалга оширилди.


Эслатиб ўтамиз, 10 июнь куни Шавкат Мирзиёев жума кунги видеоселектор йиғилишида ижтимоий соҳа объектларида ҳам босқичма-босқич муқобил энергия ускуналарини ўрнатиш муҳимлиги таъкидланганди.

Бунда йил якунига қадар 2107 та боғчада, 1000 та мактабда, 1071 та оилавий шифокор пункти, поликлиника ва шифохоналарда, 1 минг маҳаллада ташкил этилаётган янги тиббиёт пунктларида, 200 та санаторий ва бошқа дам олиш масканларида қуёш электр панеллари ва сув иситиш қурилмалари ўрнатилади.