Айни вақтда Самарқандда Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатлар саммити бўлиб ўтмоқда, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири. Унда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзламоқда.

«Жаҳон халқлари учун дўстлик ва тинчлик тимсоли, илм-фан ва маърифат ўчоғи бўлган Самарқанд шаҳрини „Туркий цивилизация пойтахти“ деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлаганингиз учун Сизларга самимий миннат-дорчилик билдираман», — Шавкат Мирзиёев.

«Биз Туркий дунё буюк тарихининг ёрқин саҳифалари улуғ аждодларимиз томонидан биргаликда яратилгани билан ҳақли равишда фахрланамиз», — деди у.

«Бугунги кунда барчамиз кескин геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари билан боғлиқ мураккаб синовларни бошимиздан кечирмоқдамиз. Шу сабабли ҳозирги таҳликали вазиятда энг долзарб муаммолар ечими бўйича давлатларимиз умумий ёндашувларни белгилаб олиши, саъй-ҳаракатларни уйғунлаштириши ниҳоятда муҳимдир. Биз ҳар қандай қийинчиликларни дўстлик, ҳамкорлик ва бир-биримизни қўллаб-қувватлаш орқали енгиб ўтишга қодирмиз», — деди Ўзбекистон етакчиси.

У сўнгги бир йил давомида ташкилотга Туркиянинг раислиги чоғида турли йўналишлар бўйича анча ишлар амалга оширилгани, ўзаро ҳамкорлик янада фаоллашганини алоҳида эътироф этди.

«Ўзбекистон ҳам ўз раислиги даврида «Туркий дунё нигоҳи — 2040» концепцияси ҳамда бугун қабул қилинаётган «Туркий давлатлар ташкилотининг беш йиллик Стратегияси»ни самарали амалга ошириш, 170 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган улкан минтақани ўз ичига олган Ташкилотимиз нуфузини янада мустаҳкамлаш, ва энг асосийси — тарихи, тили ва маданияти муштарак бўлган қардош халқларимиз ва давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни юксак поғонага олиб чиқиш ниятидамиз», — дея таъкидлади Мирзиёев.