Ўзбекистон футбол ассоциацияси Профессионал футбол мактаблари лигаси (ПФМЛ)да келишилган ўйин уюштириб, унда қатнашган мураббийлар 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилди. Бу ҳақда ташкилот матбуот хизмати 9 ноябрь куни маълум қилди.

Маълум қилинишича, 17 октябрь куни Профессионал футбол мактаблари лигасининг 2006 йилда туғилган тарбияланувчилари (U-16) ўртасидаги мусобақаси «B» гуруҳи сўнгги 7-тури олдидан Андижон, Навоий, Бухоро ва Наманган футбол маҳорати мактаб (ФММ)ларининг жамоалари кейинги босқичга чиқиш имкониятига эга бўлган. Шу боис сўнгги турдаги Навоий ФММ — Андижон ФММ ва Бухоро ФММ — Наманган ФММ ўйинлари бир вақтда бошланган (ўйин давомийлиги 70 дақиқа, бир тайм 35 дақиқадан).

Навоий ФММ — Андижон ФММ учрашуви асосий вақти тугашига бир дақиқа қолганида навоийликлар гол уриб, ўйинни 1:0 ҳисобидаги ғалаба билан якунлаган. Айни вақтда, Бухоро ФММ — Наманган ФММ учрашувининг 70-дақиқасига қадар наманганликлар 2:1 ҳисобида олдинда бораётан бўлган.

ЎФА матбуот хизматининг қайд этишича, Бухоро ФММ жамоаси бош ҳакам томонидан қўшиб берилган 4 дақиқа ичида — 70+2 ва 70+4-дақиқаларда Наманган ФММ жамоаси дарвозасини «шубҳали тарзда» ишғол қилган. «Энг ачинарлиси, Наманган ФММ ва Бухоро ФММ жамоалари футболчилари голлардан сўнг бир-бирини очиқчасига табриклаган», — дейилади ассоциация ахборотида.

Бундан ташқари, Наманган ФММ бош мураббийи томонидан ўйиннинг 70+3-дақиқасида учта ҳимоячи алмаштирилиб, уларнинг барчаси ҳамда дарвозабон Бухоро ФММ футболчиларига қаршилик кўрсатмасдан, атайин гол ўтказиб юборган. Натижада Бухоро ФММ жамоаси учрашувда 3:2 ҳисобида ғалаба қозониб, «B» гуруҳидан 2-ўрин билан плей-офф йўлланмасини қўлга киритган.

«Мазкур учрашув бош ҳаками Руслан Самандаровнинг ҳамда бошқа ёрдамчи ҳакамларнинг билдиришномаларида учрашув давомида ҳар иккала жамоа футболчилари ва мураббийлари келишганликлари баён қилинган», — дея таъкидланади ЎФА ахборотида.

Шу муносабат билан, Профессионал футбол мактаблари лигаси Ташкилий қўмитасининг 19 октябрдаги йиғилиш баёнига кўра, Наманган ФММ ва Бухоро ФММларнинг 2006 йилда туғилган жамоалари «спорт принципларига хос бўлмаган келишилган ўйинда қатнашганликлари сабабли» уларнинг 7-турдаги натижаси бекор қилинган ва ҳар иккала жамоа мусобақадан четлатилган.

Шунингдек, ЎФА Тартиб-интизом қўмитаси қарорига мувофиқ, Бухоро ФММ U-16 жамоа бош мураббийи А.Шарипов ва Наманган ФММ U-16 жамоаси бош мураббийи Қ.Мамажонов ЎФА Интизом кодексининг 5.44-бандига асосан «ўзаро учрашувда ўйин натижасига таъсир ўтказиш мақсадида келишув уюштирганликлари ва қатнашганликлари учун» 1 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолиятдан четлатилган.

Муносабатлар

ЎФАнинг ўзи ушбу ҳолатга шундай муносабат билдирган: «Афсуски, болалар футболига шунга ўхшаш кўнгилсиз вазиятлар учраб туриши футболимиз мавқеига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ўзбекистон футбол ассоциацияси барча масъул шахсларни мусобақаларда спорт принципларини ҳурмат қилишга чақиради ва шу каби ҳолатлар аниқланган тақдирда кескин чоралар кўрилишини маълум қилади».

Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев «ўсмирлар футболи шундай булғанаётган бўлса, бу ноинсофлар футболга қайтиб келмаса ҳам майли», дея фикр билдирган. Унинг таъкидлашича, «вилоят жамоасини шарманда қилиш катта хато. Ватан остонадан бошланади. Ёш футболчи то терма жамоа даражасига етгунига қадар, у тўп сураётган вилоят жамоаси шу футболчи учун бош жамоа ҳисобланади».

«Футбол ўзгаряпти, яхшиланяпти. Ва тан олишимиз керакки, камайиб бораётган бўлса-да, каламушлар ҳали ҳам бор. Ҳаромдан қўрқмаётган бундайларни вақти келиб халқ фактлари билан таниб олади деб умид қиламиз», — дея қўшимча қилган ЎзПФЛ раҳбари.