Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Universal Mobile Systems (UMS ва актив) МЧЖнинг устав капиталидаги 100% давлат улушини хусусийлаштириш бўйича профессионал консалтинг компаниясини жалб қилиш юзасидан халқаро танлов эълон қилинганди.

Мазкур танловда 10 та маҳаллий ва халқаро профессионал консалтинг компаниялари иштирок этди.

Ушбу профессионал компаниялар телекоммуникация соҳасида M&A лойиҳаларидаги тажрибаси, малакаси, белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ёндашувлари ва нарх таклифи асосида сараланди.

Халқаро танлов натижаларига кўра, фаолият соҳасидаги амалга оширган юқори даражадаги M&A лойиҳалари, лойиҳа доирасида жалб қилинадиган профессионал жамоасининг малакаси ҳамда энг мақбул нарх таклифини билдирган KPMG халқаро консалтинг компанияси танлов ғолиби деб топилди.

Давактив агентлиги KPMG халқаро компанияси билан яқин ҳамкорликда мазкур лойиҳани рақобат тамойилларига асосланган шаффоф ва муваффақиятли бўлиши учун барча зарур чора-тадбирларни амалга оширади, жумладан телекоммуникация бозори таҳлили (Market analysis) ўтказилади, бирламчи бозор ҳолати (Market sounding) ўрганилади, актив бўйича ҳар томонлама молия, солиқ, юридик, техник комплекс таҳлил (due diligence) қилинади ҳамда инвестицион жозибадорлигини ошириш бўйича тегишли чоралар кўрилади.

Активни баҳолаш жараёнига унинг нуфузи ва халқаро тан олиниши нуқтаи назаридан «Катта тўртликка» кирувчи (KPMG`дан ташқари) халқаро профессионал мустақил баҳоловчи компанияси танлов асосида жалб этилади.

Консультантнинг активни дастлабки ўрганиш натижалари ва жараённи ташкил этиш бўйича таклифлари асосида қисқа муддатларда активни сотиб олишга аризаларни қабул қилиш жараёни ва муддатлари эълон қилинади.

Universal Mobile Systems МЧЖ маҳаллий телекоммуникация бозорида салмоқли ўринга эга бўлган нуфузли компания бўлиб, Mobiuz савдо белгиси остида замонавий мобил овозли алоқа ва мобил интернетга уланиш хизматларини тақдим этади.

2021 йил якунлари бўйича UMS компаниясининг абонентлари сони — 6,6 млн, уяли алоқа хизматлари бозоридаги улуши — 20% атрофида, даромадлари — 1,1 трлн сўмни, соф активлари ҳажми — 1,4 трлн сўмни ва соф фойдаси — 97 млрд сўмни ташкил этди.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон тарихида давлат тасарруфидаги мобил алоқа компаниясининг рақобатга асосланган ошкора савдо орқали хусусийлаштирилиши биринчилардан бўлиши кутилмоқда.

Давактив агентлиги KPMG халқаро компанияси билан биргаликда хусусийлаштириш жараёнини очиқ, шаффоф, халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этишнинг барча чораларини кўради, жараённинг ҳар бир босқичи тўғрисида оммага ахборот бериб борилишини таъминлайди.

Telegram: t.me/DAVAKTIVUZ

Реклама ҳуқуқлари асосида.