Туркий дунёнинг хавфсизликни ишончли таъминлаш — Туркий давлатлар ташкилотининг устувор йўналишларидан яна бири ҳисобланади. Самарқандда ўтаётган саммитда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев хавфсизлик йўналишида ҳам ўзининг таклифларини билдирди, деб хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

«Сўнгги пайтларда жаҳоннинг турли нуқталаридаги зиддиятли воқеалар туркий дунёнинг умумий хавфсизлигига ҳам таъсир ўтказаяпти. Бундай мураккаб вазиятда терроризм, экстремизм, ёшларнинг радикаллашуви, одам савдоси, наркотрафикка қарши курашиш, жамоат ва кибер-хавфсизликни таъминлаш соҳаларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва махсус хизматларимиз доимий алоқада бўлиши ҳамда ҳамкорликни кучайтириши лозим», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ташкилотга аъзо давлатлар Хавфсизлик кенгаши котибларининг навбатдаги йиғилишини мамлакатда ташкил этишга тайёрлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, давлат раҳбари Афғонистон масаласини ҳам кун тартибига олиб чиқди.

«Бугунги кунда ён қўшнимиз Афғонистондаги мураккаб вазият барчамизни албатта жиддий ташвишга солади. Бу мамлакатдаги мавжуд аҳволни ижобий томонга ўзгартириш масаласи ҳеч қачон назаримиздан четда қолмаслиги керак. Афғон масаласи бўйича умумий ёндашувни ишлаб чиқиш мақсадида ташқи ишлар вазирларимиз мулоқотларини мунтазам ўтказиб бориш тарафдоримиз», — деди у.

Бундан ташқари, ёш авлодни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларнинг истеъдод ва қобилиятларини рўёбга чиқариш мақсадида бошлаган хайрли ишларни изчил давом эттириш нияти ҳам билдирилди.

«Келгуси йили юртимизда Туркий дунё ёшларининг илм ва инновациялар халқаро конгрессини ўтказишни таклиф этаман. Унинг доирасида инновация ва таълим вазирлари, олийгоҳлар ректорлари ва ёш етакчилар, иқтидорли ўғил-қизларимиз, Ташкило-тимиз оқсоқолларининг кенг қамровли учрашувларини ташкил этишни кўзда тутмоқдамиз», деди Ўзбекистон етакчиси.

«Бу ишларимизга тизимли тус бериш ва натижадорликни таъминлаш мақсадида Ташкилот Бош котибининг Ёшлар масалалари бўйича ўринбосари лавозиминини жорий этиш айни муддао бўлар эди», — дея қўшимча қилди у.