10 ноябрь куни АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Орол денгизи ҳудудида чўлланишнинг салбий оқибатлари билан курашиш мақсадида 1,6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратганини эълон қилди. Ушбу ташаббус Орол денгизининг қуриган тубида экотизимларни қайта тиклаш (ERAS II) лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида амалга оширилиб, Орол денгизининг Ўзбекистон қисмида янги ўрмон экинларини ўтқазиш орқали ҳудудда ҳаво сифати ва яшаш шароитларини яхшилаш ҳамда иқлим ўзгаришига чидамлиликни оширишга йўналтирилади.

Бу Орол денгизининг шимолий қисми бўлмиш Қозоғистон ҳудудида аввал бошланган лойиҳа доирасида олиб борилаётган ишларнинг мантиқий давомидир. USAID, шунингдек, Оролбўйи минтақасида яшаш шароитларини яхшилаш ва экотизимларни тиклашга кўмаклашиш мақсадида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам беради.

«Давлат ташаббусларини амалга ошириш учун зарур салоҳиятларни мустаҳкамлаш ва кўмаклар кўрсатиш — бу мавжуд ёндошувлардан бири бўлиб, у орқали Қўшма Штатлар Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва иқтисодий ўсиш учун ўз тажрибаларини бўлишишга интилади. Бу каби лойиҳалар халқлар ўртасида узоқ муддатли истиқболни кўзлаган ҳолда ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлганидек, турмуш шароитини яхшилаш ва барқарорликни яратишга ҳам қаратилгандир», — деди USAIDнинг Марказий Осиё бўйича минтақавий миссиясининг Иқтисодий тараққиёт бўлими директори Лаура Чизмо.

Орол фожиаси дунёдаги энг даҳшатли экологик офатлардан биридир. Бир пайтлар катталиги бўйича дунё миқёсида тўртинчи энг катта кўл бўлган денгиз, Амударё ва Сирдарё дарёлари сувларининг қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун олиниши ортидан 1997 йилга келиб аввалги ҳажмидан тахминан 10 фоизга қисқарди. Бугунги кунда ушбу ҳудуд ҳар йилги қум ва чанг бўронларининг юз беришига ўзининг кўплаб ҳиссасини қўшмоқда. Бу эса ўз навбатида юз километрлаб ҳудуддаги атроф-муҳитга ва инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ушбу лойиҳа 2022 йилги БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича конференциясида (COP27) эълон қилинган АҚШ ҳукуматининг табиатга асосланган ечимлар бўйича йўл харитасини қўллаб-қувватлайди. Унинг мақсади иқлим ўзгаришига қарши курашнинг асосий усули сифатида табиий ечимларни илгари суриш ва АҚШнинг иқлим мақсадларига эришишни тезлаштиришдан иборат.

Оролбўйи минтақасида кўкаламлаштириш ишларидан ташқари, USAID экинлар экиш ва уларни суғоришда инновацион технологияларни қўллаш бўйича изланишлар олиб бориш ва натижаларини тарқатишни ҳам қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Орол денгизи фалокатининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича саъй-ҳаракатларини бирлаштиришини ва билимлар алмашинувини қўллаб-қувватлашларини билдиришган.


Ушбу тадқиқотлар чўл биомлари тўғрисидаги тушунчаларни кенгайтиради ҳамда агробизнес ва атроф-муҳитни тиклаш бўйича хусусий сектор ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Ўрмонлаштириш ишларига янги технологияларни тадбиқ этиш орқали USAID атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид долзарб масалаларда давлат ва хусусий сектор иштирокини рағбатлантириб, Ўзбекистондаги тупроқ ва ўрмонларни тиклаш бўйича ташаббусларнинг узоқ муддатли барқарорлигини оширади.

Орол денгизининг қуриган тубида экотизимларни тиклаш лойиҳаси USAIDнинг сув ресурслари ва атроф-муҳит бўйича минтақавий лойиҳаси томонидан Ўзбекистон Республикасининг Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Орол денгизи бўйича халқаро инновацион маркази, олий таълим ва илмий-тадқиқот институтлари, Мўйноқ тумани ҳокимияти ва Қозоғистоннинг Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилади.

«USAIDнинг сув ресурслари ва атроф-муҳит бўйича минтақавий лойиҳасининг мақсади Амударё ва Сирдарё дарёлари ҳавзаларидаги экологик хавфларни камайтириш ва сув ресурсларини бошқариш бўйича минтақавий салоҳиятни мустаҳкамлашга қаратилган. Лойиҳа фаолияти манфаатдор томонларнинг мулоқотларига асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, моделлаштириш ва амалдаги маълумотлардан фойдаланган ҳолда дарё ҳавзаларини комплекс ва барқарор бошқариш бўйича умумий қарашларни ишлаб чиқиш ҳамда бошқарувнинг турли соҳалари ва даражалари ўртасидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш орқали сув ресурслари соҳасида мавжуд мураккаб минтақавий муаммоларни эчиш бойича кўп қиррали ёндашувга асосланган», — дейилади АҚШ элчихонаси хабарида.