Ўзбекистон бош вазири ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Ходжаев Туркий давлатлар ташкилотининг Инвестиция жамғармаси таъсис этилишини маълум қилди. У бунга ташкилотга аъзо мамлакатлар иқтисодиёт ва савдо вазирлари учрашуви якунидаги матбуот анжуманида тўхталиб ўтди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

ТДТ бош котиби Бағдод Амреев (чапда) ва Жамшид Ходжаев (ўнгда). Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

«Савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш мақсадида, Туркий давлатлар ташкилоти Инвестиция жамғармасини таъсис этиш бўйича битимни имзоланишини келишиб олдик. Ишонаманки, Инвестиция жамғармасини таъсис этиш кўп қиррали муносабатларимизни ривожланишида янги замин яратади.», — деди Жамшид Ходжаев.

Унинг сўзларига кўра, «Савдога кўмаклашиш стратегияси» Туркий давлатлар ташкилоти биринчи саммити доирасида имзоланиши, Ташкилот мамлакатларида савдодаги миқдорий чекловлар ҳамда нотариф чораларни бартараф этилишига кўмаклашади.


«Савдо-иқтисодий муносабатларнинг барқарорлигини таъминлаш барчамизни устувор вазифаларимиздан бири ҳисобланади. Бу борада транспорт йўлаклари, божхона-чегара ўтказиш пунктлари ва логистика марказларининг узлуксиз фаолиятини таъминлашда аъзо ва кузатувчи давлатларнинг бирдамлиги ва мавжуд шароитларни янада ривожлантириш бўйича аниқ чора тадбирлар ишлаб чиқишилиши бўйича келишувларга эришилди», деди бош вазир ўринбосари.

Вазирлар шунингдек, Туркий давлатлар ташкилоти доирасида 2022−2026 йилларга мўлжалланган Стратегиясини муҳокама қилди. «Сиёсий, савдо-иқтисодий, ижтимоий, маданий ва хавфсизлик соҳаларини ривожлантиришни қамраб олган мазкур ҳужжатни ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни келишиб олдик», — дея сўзини якунлади Ўзбекистон вакили.