Халқ таълими вазирлиги «Таълим тўғрисида»ги қонунга қўшимча киритиш бўйича қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилди.

Лойиҳага кўра, қонун 44−1-модда билан тўлдирилади ва қуйидаги вазиятларда шахсларнинг умумий ўрта таълим тизимида раҳбар лавозимига тайинланиши тақиқланади:

  • суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
  • психиатрия ёки наркалогия муассасаларида ҳисобда турган шахслар;
  • умумий ўрта таълим тизимида раҳбарлик фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликка чалинган шахслар;
  • қасддан содир этган жинояти учун муқаддам судланган (судланганлик ҳолати тугатилганлиги, олиб ташланганлигидан қатъи назар) шахслар;
  • жиноят ишлари айбдорлиги тўғрисидаги масала ҳал этилмаган ҳолда тугатилган жиноятларни (қасддан) содир этган шахслар.

Қонун лойиҳасининг муҳокамаси 23 ноябргача давом этади.

Хорижий амалиёт

Вазирликнинг қайд этишича, хорижий амалиёт, жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг умумий ўрта таълим тизимида раҳбарлик лавозимида меҳнат фаолиятини амалга оширишни чеклашни кўрсатиб берган.

Хусусан, Беларус, Грузия, Россия, Франция ва Қозоғистоннинг қонунчилигида таълим соҳасида ишлаш ҳуқуқига эга бўлган ва ишлаши тақиқланган шахслар тўғрисидаги қоидалар белгилаб берилган.

Жумладан, Францияда мактаб директорлари давлат хизматчиси ҳисобланади. Шунингдек, давлат хизмати мақоми тўғрисидаги қонун ҳужжатларида айрим лавозимлар учун танловда фақат соғлиғи ҳолатига кўра яроқли, зарур касбий тайёргарликка эга бўлган, судланганлиги бўлмаган ва жиноий жавобгарликка тортилмаган шахслар иштирок этишлари мумкинлиги белгилаб қўйилган.

Беларус Республикасининг Таълим тўғрисидаги кодексида педогогик фаолият билан шуғулланиш учун чекловлардан бири сифатида судланганлик ҳолати тугалланган ёки олиб ташлангани мавжудлиги назарда тутилади.

Шунингдек, Қозоғистоннинг «Ўқитувчи мақоми тўғрисида»ги қонунида ҳам таълим соҳаси бўйича чекловлар ўрнатилган бўлиб унга кўра:

  • суднинг қoнуний кучга кирган ҳукмига бинoан педагогик фаoлиятини амалга oшириш ҳуқуқидан маҳрум қилинган;
  • суд томонидан муoмалага лаёқатсиз ёки муoмала лаёқати чекланган деб тoпилган шахслар;
  • руҳий, xулқ-атвoрнинг бузилиши (касалликлари), шу жумладан психотроп мoддаларни истеъмoл қилиш билан бoғлиқ бўлган, руҳий салoматлик сoҳасида тиббий ёрдам кўрсатадиган ташкилoтларда рўйxатдан ўтган шахслар педогогик фаолият билан шуғулланишлари тақиқланган.

Шунингдек, Қозоғистон таълим вазирининг 2012 йил 21 февралдаги 57-сонли буйруғида коррупция жинояти ёки жиноий ҳуқуқбузарлик содир этилганлиги ёҳуд педагогик этика нормалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар аниқланган тақдирда, шахс ҳар қандай босқичда ўқитувчи лавозимини эгаллаш учун танловдан четлатилиши кўзда тутилган.

Грузияда, Қозоғистонда бўлгани каби, жиноятнинг ўзига хос турлари белгиланган бўлиб ушбу жиноятларни содир этган шахслар таълим соҳасида ишлашига йўл қўйилмайди.

Хусусан, Грузияда қасддан содир этилган жинояти учун судланган, судланганлиги олиб ташланмаган шахс, шунингдек, судланганлиги олиб ташланганидан ёки қайтарилишидан қатъи назар, эркинлик ва жинсий дахлсизликка қарши жиноят содир этганликда айбланган шахс таълим соҳасида иш билан таъминланиши мумкин эмас.