Қўқон шаҳар ИИБ жамоат хавфсизлиги хизмати вақтинча сақлаш ҳибсхонасида сақланаётган маҳкум юрак касаллиги оқибатида вафот этди, дея хабар бермоқда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати.

Жиноят ишлари бўйича Қўқон шаҳар судининг 1 октябрдаги ҳукми билан озодликни чеклаш жазоси тайинланган ва пробация ҳисобига олинган маҳкум Р.Н. ўрнатилган чекловларни бузиб, белгиланган ҳудудни тарк этганлиги аниқланган. Кўрилган чоралар натижасида у 6 ноябрь куни Тошкент шаҳрида ушланган ва шу куни Қўқон шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган.

«8 ноябрь куни соат 02:56 ларда маҳкум Н.Р. ўзини ёмон ҳис қилганлиги учун у билан бирга сақланаётган С.Ю. назоратчи ходимларни ёрдамга чақирган. Ҳибсхона ходимлари, муассасага ўрнатилган кузатув камераси орқали ҳолатни кўриб, зудлик билан тез-тиббий ёрдамга мурожаат қилишган. Муассасага етиб келган тиббиёт ходимлари, соат 03:16да маҳкумнинг ўлимини қайд этишган», — дейилади хабарда.

Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертиза бўлимининг 8 ноябрдаги дастлабки ташхисига кўра, марҳум Р.Н.нинг ўлимига «юракни сурункали ишемик касаллиги, юрак тож қон-томирларининг ўткир етишмовчилиги» сабаб бўлган. Марҳумнинг баданида тан жароҳатлари аниқланмаган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Қўқон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғонадаги бозорда ўғрилик қилмоқчи бўлган 14 ёшли ўсмир қўлга олиниб, Қўқон шаҳар ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилгани ва эртаси куни у шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этгани хабар қилинганди. Ўсмирни марказдаги тенгдошлари калтаклагани айтилганди.