Давлат фуқаролик хизматчиси томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати, шунингдек уни тасарруф этиш тартибини белгилмоқда. Тегишли низом Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан 7 ноябрь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Низомда совғага тавсиф бериб ўтилган. Унга кўра, совға — бу давлат фуқаролик хизматчисига хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан беғараз тақдим этиладиган моддий қийматга эга бўлган моддий ашёлар, шунингдек, давлат фуқаролик хизматчисига (унинг оила аъзоларига) кўрсатиладиган хизматлар.

Низом ва унинг талабларига риоя этиш давлат фуқаролик хизмати лавозимларининг давлат реестрига киритилган барча давлат фуқаролик хизматчилари учун мажбурий ҳисобланади.

Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан олиниши мумкин бўлган совға қиймати бўйича қуйидаги миқдор белгиланади:

  • Давлат фуқаролик хизматининг барча сиёсий гуруҳи, даража ва лавозимдаги давлат фуқаролик хизматчилари учун — базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 (беш) бараваридан (барча солиқлар ва йиғимларни ҳисобга олган ҳолда) кўп бўлмаган миқдорда;
  • Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўйича Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан кетаётган делегация ёки алоҳида шахслар бундан мустасно;
  • Давлат фуқаролик хизматчиларига тақдим этилган совға меҳмон (мезбон) томоннинг рамзлари ва (ёки) логотипи туширилган эсдалик совғалар қиймати учун миқдор белгиланмайди ва бундай совғалар баҳоланмайди. Бундай совғаларни давлат фуқаролик хизматчиси ўз хоҳишига кўра тасарруф этади.

Тақдим этилган совғанинг миқдори белгиланган миқдордан ошган тақдирда, белгиланган миқдордан ошган қисми давлат фуқаролик хизматчиси томонидан давлат ташкилотига тўлаш орқали совғани тасарруф этиши мумкин.

Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан қабул қилинадиган совға:

  • Ўзбекистон қонунчилик ҳужжатлари ва давлат органининг ички идоравий ҳужжатлари талабларига мувофиқ бўлиши;
  • ихтиёрий, аниқ бир сабаб, воқеа (ҳодиса) муносабати билан қабул қилиниши ва (ёки) тақдим этилиши ҳамда белгиланган миқдордан ошмаслиги ва дабдаба (ҳашамат) предмети бўлмаслиги;
  • совғани қабул қилиш ёки тақдим этиш натижасида бирор бир тарафнинг шахсий манфаатдорлигини, шунингдек манфаатлар тўқнашуви ёки коррупциявий хавф-хатарларнинг келиб чиқишига олиб келмаслиги, хусусан, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятида холис қарор қабул қилишига таъсир кўрсатадиган мажбуриятни юзага келтирмаслиги;
  • совға хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирларда очиқ ва ошкора қабул қилиниши ва (ёки) тақдим этилиши, давлат органининг обрў-эътибори (нуфузи)га путур етишига олиб келмаслиги;
  • давлат фуқаролик хизматчиси томонидан тақдим этиладиган совға унинг шахсий ҳисобидан амалга оширилмаслиги;
  • совға бериш табрик нутқи билан бирга бўлиши, унда совға беришга сабаб бўлган воқеа (ҳодиса) ўзининг аниқ ифодасини топган бўлиши, шунингдек дипломатик протокол талабларига мувофиқ бўлиши лозим.

Давлат фуқаролик хизматчисига нақд ёки нақдсиз пул, қимматли қоғозлар, крипто валюта, барча турдаги ўқотар ва совуқ қуроллар, ўқ-дорилар, гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар, кучли таъсир этувчи препаратлар, порнографик ва диний экстремистик хусусиятга эга бўлган нашр ҳамда материалларни совға сифатида қабул қилиш ёки тақдим этиш тақиқланади.

Давлат фуқаролик хизматчисига тақдим этилган гуллар, озиқ-овқатлар (кондитер маҳсулотлари ва б.), ташкилотларнинг канцелярия тўпламлари (календарлар, буклетлар, ручка, блокнотлар) совға деб қабул қилинмайди ва расмийлаштирилмайди.

Хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан халқаро делегация раҳбарига тақдим этилган совға қийматидан қатъи назар давлат органи тасарруфига ўтказилади. Бунда тақдим этилган совғалар баҳоланмайди ва давлат фуқаролик хизматчиси тасарруфига ўтказилмайди.

Совғанинг баҳоси низомда белгиланган миқдордан зиёд бўлган совғалар тақдири қуйидаги тартибда ҳал этилади:

  • совға тақдим этилган давлат фуқаролик хизматчиси томонидан совғанинг рухсат этилган қийматидан зиёд миқдори учун давлат органига тўлов амалга оширилади ва сотиб олинади. Совғани сотишдан тушган маблағ давлат органининг бюджети ёки бюджетдан ташқари даромадлари ҳисобига ўтказилади;
  • агар давлат фуқаролик хизматчиси совғанинг рухсат этилган қийматидан зиёд миқдори учун тўловни амалга оширишни ҳамда сотиб олишни рад этса, давлат органининг тегишли масъул тузилмаси томонидан расмийлаштирилиб, давлат органи балансига ўтказилади.

Давлат фуқаролик хизматчисига хизмат сафарлари, халқаро ва бошқа расмий тадбирлар муносабати билан тақдим этилган совғаларни қабул қилишнинг қонунийлиги тўғрисида ҳар қандай шубҳалар пайдо бўлганда ушбу масалани бевосита ўзининг юқори турувчи раҳбариятини ёки коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмасини хабардор қилиши шартлиги белгиланмоқда.