8 ноябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов Қозоғистон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор Элчиси этиб тайинланган Бейбут Атамқуловни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Учрашув элчининг вазирга ишонч ёрлиқлари нусхаларини топшириш маросими билан бошланди. Вазир элчини лавозимга киришиши билан табриклаб, касбий фаолиятида муваффақиятлар тилади.

Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш жараёни кўриб чиқилди. Режалаштирилган ташрифлар ва қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш, шунингдек, Қозоғистон делегациясининг Туркий давлатлар ташкилоти саммити, Самарқандда бўлиб ўтадиган Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари учрашуви ҳамда «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» ўзаро боғлиқлик конференциясида иштирок этиши юзасидан фикр алмашилди.

Томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш, саноат, энергетика, транспорт-логистика, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўришга тайёр экани маълум қилинди.

Икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантириш ва мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди. Халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг маданий-гуманитар алоқаларни фаоллаштиришга интилиши алоҳида таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, жорий йилнинг ноябрь ойида ўтказиладиган «Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти кунлари»га тайёргарлик кўриш масалалари муҳокама қилинди.

Эслатиб ўтамиз, октябрь охирида Қозоғистон собиқ ташқи ишлар вазири Бейбут Атамкулов мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси этиб тайинланганди. У шу пайтга қадар саноат ва инфратузилмани ривожлантириш вазири сифатида фаолият юритган.