7 ноябрь душанба куни Тошкент халқаро аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли Uzbekistan Airways миллий авиакомпаниясининг бир нечта рейсларни муқобил аэропортларга йўналтиришга мажбур бўлди, деб хабар берди компания матбуот хизмати.

Хусусан, HY602 Москва — Тошкент қатнови Навоий аэропортига, HY336 Жидда — Тошкент қатнови Самарқанд аэропортига йўналтирилди. Ушбу йўналишдаги қатновлар белгиланган манзилга етиб борди.

Бундан ташқари, Фарғона халқаро аэропортида ноқулай об-ҳаво шароити туфайли режалаштирилган HY081 Тошкент — Фарғона рейси соат 06:55 дан 09:30 га кўчирилди. HY277 Фарғона — Истанбул рейси Фарғона халқаро аэропортидан ўз йўналиши бўйича жўнаб кетди.

«Шу муносабат билан, HY278 Истанбул — Фарғона ва HY082 Фарғона — Тошкент рейслари кечикиб амалга оширилишини маълум қиламиз», — дейилади хабарда.

Аэропорти матбуот хизмати муқобил аэродромга йўналтиришга мажбур бўлинган бошқа авиакомпанияларнинг самолётлари ҳақида ҳам маълумот берди.

Қайд этилишича, Россиянинг Azimut авиакомпаниясининг Минералние Води — Тошкент йўналиши бўйича АZ0681 рейси об-ҳаво шароити, ҳусусан кучли шамол ва кўриш имкониятининг пастлиги туфайли Навоий аэропортига жўнатилди.

Бортида 91 йўловчи бўлган Sukhoi Superjet 100−95B самолёти маҳаллий вақт билан соат 12:19 да Навоий халқаро аэропортига қўнди. Об-ҳаво яхшилангач, самолёт соат 13:23 да қайта Тошкентга учиб кетди.

Шунингдек, бугун соат 05:42 да об-ҳаво шароити туфайли Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY602 Москва — Тошкент рейсини амалга ошираётган Boeing 787−8 Dreamliner самолёти Навоий аэропортига бориб қўнди. Бироз вақат ўтгач, об-ҳаво шароити яхшилангандан сўнг бортида 226 йўловчи бўлган самолёт Тошкент аэропортига уча олди.