Ҳукуматнинг 4 ноябрдаги [644-сонли] қарори билан «Алкоголь, гиёҳвандлик воситалари таъсиридан ёки ўзгача тарзда мастлик ҳолатида бўлган шахсларга тиббий ёрдам кўрсатиш тартиби тўғрисида»ги низом тасдиқланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, мастлик ҳолатида бўлган шахсларга туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари таркибида камида 10 ўринли туманлараро тиббий ёрдам кўрсатиш пунктлари ташкил қилинади.

Пунктга ички режим ҳамда жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва бартараф этиш учун Миллий гвардиянинг қўриқлаш бўлинмалари ходимлари қўйилади.

Жамоат жойларида (яшаш жойидан олиб бориш бундан мустасно) бўлган маст шахсларни тиббий ёрдам кўрсатиш пунктларига ички ишлар органлари ходимлари олиб боради.

Олиб боришга қуйидагилар асос бўлиши мумкин:

  • шахснинг мақсадли ҳаракатлар содир этиш ёки ўзи мустақил ҳаракатланиш қобилиятини йўқотганлиги (бирор жойда ётган ёки ўтирган ҳолати);
  • шахснинг уйқучанлиги, уйғотишнинг қийинлиги;
  • шахснинг тикка ҳолатда мустақил тура олмаслиги;
  • нутқининг ноаниқ, тушунарсиз, ўзаро боғлиқ бўлмаган узуқ-юлуқ алоҳида сўзлардан ташкил топиши (ғулдираши);
  • саволларни яхши тушунмаслиги, ўзининг қаердалигини аниқ англаб етмаслиги.

Маст одам тиббий ёрдам кўрсатиш пунктида 12 соатгача бўлганда далолатнома, 12 соатдан кўп вақт бўлганда ва тиббий кўрсатмалар мавжуд бўлган ҳолларда касаллик тарихи расмийлаштирилади.

Тиббий ёрдам кўрсатиш пунктига олиб келинган мастлик ҳолатидаги шахслар сутканинг тунги вақтида (соат 23:00 дан 06:00 гача) ёки йилнинг совуқ даврида уларнинг қариндошлари кузатувида чиқариб юборилади.