Бен, Суазик, уларнинг қизи Эбигейл, ўғли Албан ва иккита итнинг на уйи, на пули ва на режаси бор. Аммо сўнгги тўрт йил ичида бу француз оиласи Беннинг ўзи қайта жиҳозлаб, ғилдиракли уйга айлантирган уч метрли ўт ўчириш машинаси «Маруся»да ўрмонлар, тоғлар ва далаларни кесиб ўтиб, етти мамлакатга саёҳат қилишди.

Саккиз йил олдин Бен ва Суазик фарзанд кўришдан олдин йўлтанламас машинада Европа бўйлаб саёҳат қилишган. Ўшанда улар кенгроқ машинада дунё бўйлаб узоқ муддатли саёҳатга чиқишни орзу қилишган. Тадбиркорликка ўтган механик — Бен эски ўт ўчириш машинасини сотиб олиб, уни ўз қўли билан яшаш жойига айлантирди. Оила ўз уйига «Маруся» деб ном берган.

Сиз машинага тутқични ушлаб, улкан ғилдиракка қадам қўйиб чиқишингиз мумкин. Машина ичкарисида яшаш учун ҳамма нарса бор: овқат пишириш учун кичик печка, раковина, ваннахона, икки ётоқхона ва оилавий овқатланиш учун умумий стол. Бен ҳар бир майда-чуйда томонларигача ўйлаган. Машинада табиий ёруғлик учун етарли деразалар мавжуд. Маруся томи иситиш учун қуёш панеллари билан жиҳозланган, кўплаб шкафларда болалар китоблари, қаламлар ва турли ҳужжатлар сақланади. Бен болалар учун икки қаватли ётоқ ясаган.

Ягона минус — кир ювиш машинасининг йўқлиги. Йўлда оила одатда жамоат кир ювиш хизматларидан фойдаланади, лекин Тошкентда бундай жойлар йўқ, шунинг учун саёҳатчилар кийимларини ювиш учун бир кунлик квартирани ижарага олишлари керак бўлди.

Бен «Маруся»ни яратиш учун икки йилини бағишлади. У ўз тасаввурига таяниб, уни интернетда кўрган фотосуратлари билан тўлдириб, автомобилнинг ички ва ташқи дизайнини ўзи ишлаб чиқди. 2019 йилда уч метрли уй-машина юра бошлагач, Бен ва Суазик Франциядаги уйини сотиб, фарзандлари билан дунё бўйлаб саёҳатга чиқишди.

Ўшандан бери улар ҳеч қачон уйда бўлмаган. Эбигейл ва Албан «автомобиль» усулида таълим олишади. Уларнинг ота-оналари ўз фарзандларини мустақил равишда ўқитиш учун Франция ҳукуматидан рухсат олишган. Бунда Суазикнинг профиль таълими ҳам қўл келди: у ақлий нуқсони бўлган болалар билан ишлаш бўйича мутахассис. Ҳар куни эрталаб Суазик Эбигейл ва Албан билан бир неча соат ишлайди. Болалар чарчаганида, онаси уларга дам олишга рухсат беради. Францияга қайтиб келгач, Эбигейл ва Албан махсус имтиҳондан ўтишлари керак. Ҳокимият шундай талаб қўйган.

Бен саёҳат болалар учун таълимнинг ўрнини боса олади деб ҳисоблайди.

«Улар дунёни дарсликлардан эмас, ҳаётдан ўрганишади. Улар мамлакатларни кўришади, уларни ҳис қилишади, уларнинг аҳолисини танишади. Кейинчалик улар арманлар, қозоқлар, руслар ёки ўзбеклар ҳақида эшитишса, саёҳат қилган даврларини эслашади», — дейди Бен.

Оила ҳар бир мамлакатда визаси рухсат берганича ёки визасиз режим имконича қолишга ҳаракат қилади. Уларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга интернет-контентни монетизация қилиш йўли ёрдам беради. Эр-хотин YouTube ва Instagram'даги обуначиларга саёҳатлари ҳақида гапириб беришади. Томошабинлар мос равишда 6000 ва 2500 дан ортиқ. Улар ҳатто фақат Instagram учун ҳомийлик шартномаларига эга.

Сафар давомида оилада кўплаб ҳикоялар йиғилиб қолган. Мисол учун, пандемия дунёни қамраб олганида, оила бутун Франция бўйлаб саёҳат қилишган. Карантиннинг дастлабки икки ойи оғир бўлди. Аввалига улар дўстлари билан фермада яккаланиб қолишди, кейин «Маруся»га кўчиб ўтишди. Полиция ва Франция ҳукумати улардан яшаш манзилини сўраган, аммо уларда аниқ манзил йўқ. Оиланинг машинада яшаётганини кўриб, улардан масофани сақлашни ва бошқа оилалар билан овқат пиширмасликни сўрашди.

2022 йил июль ойида оила деярли Россия-Грузия чегарасида қолиб кетди.

— Биз 24 соат кутдик, — дейди Бен.

— Нега бунча узоқ?

— Буни билмайман. Машиналар навбатсиз ўтарди, нега ўтишимизга рухсат берилмаганини тушунмадик. Бизни ичкарига киритмасликларидан жуда қўрқардим, чунки биз Франция фуқароларимиз, лекин ҳаммаси изига тушди, улар бизни ўтказиб юборишди. Руслар ҳам бизни илиқ кутиб олишди.

Арманистонда оила ўзлари туғилиб ўсган Фужер шаҳридан келган эр-хотин билан танишиб қолади. Энди улар бир-бирларига эргашишмоқда. Бен ва унинг оиласи «Маруся»да, уларнинг янги дўстлари эса томига чодир ўрнатиш мумкин бўлган йўлтанламас автомобилда ҳаракатланишади.


Ўзбекистонга келишдан олдин оила Қирғизистон бўйлаб саёҳат қилган. Тўқтўғул сув омборига кетаётганда «Маруся»нинг олдинги чап ғилдираги лойга ботиб қолган. Машина чап томонга энгашиб, ағдарилишига сал қолган. Бен тун бўйи ғилдиракни чиқариш учун кавлаган. Сув омбори қирғоғида оила Марказий Осиё мамлакатларида ўтказиладиган анъанавий кўпкари ўйинини томоша қилиш учун боришганди.

«Вой, бу ўйин!» — дея ҳайқирди Бен хурсанд оҳангда.

«Францияда биз шарлар билан ўйнаймиз, лекин бу ерда бизда эчки танаси билан ўйнашадими? — Суазик буни ҳайрат билан эслайди. — Ва кейин ёнимдаги йигит: «Ҳечқиси йўқ, кейин биз бу эчкини тушликка еймиз», — деди. Ва мен унга: «Нима? Йўғе… Ҳа майли», — деганим эсимда.

Ғайриоддий воқеалар уларни Ўзбекистонда ҳам кутиб турарди. Эр-хотин мамлакат ҳақида тасодифан билиб қолишди. Улар яшаган атиги 20 минг аҳолига эга бўлган она шаҳарида Марказий Осиё мамлакатларини одатда Афғонистон ва Покистон билан чалкаштириб юборишади.

Эр-хотин Ўзбекистонга келишдан олдин Франция ҳукуматининг расмий сайтига кириб, Марказий Осиё йўналиши унчалик ҳам обод минтақа эмаслигини англатувчи тўқ сариқ ёки сариқ рангда кўрсатилганини аниқлашганини эслайди.

«Нега энди? — деди Бен ҳайрон бўлиб. — Ўзбек халқи жуда меҳрибон. Йўлларда ҳамма бизни тўхтатиб, меҳмон қилишга чақиради: «кабоб, кабоб, келинг, меҳмоним бўлинг!».


Бен ва Суазик ўз ҳикояларини жонли тарзда, юзларида табассум билан айтиб беришади. Эр-хотиннинг эслашича, Фарғона водийсида бутунлай номаълум эркак уларни йўлда тўхтатган. У ишончли қадам билан юриб, уларга яқинлашган ва: «Келинглар, ресторанда тушлик қиламиз», — деди.

«Мен фақат „Майли“ дейишим мумкин эди», — эслайди Бен. — Дастурхон тўла эди: балиқ, гўшт, салатлар. Кечки овқатдан сўнг, ҳисобни тўлаш вақти келганида, бу одам бориб, ҳамма учун тўлов қилди".

Оила бошига қаршилик қилишга имкон беришмаган.

«Францияда ҳаммаси бошқача. Одамлар ўзлари учун яшайдилар. Улар қўшниларини танишмайди, — дейди Бен. «Ҳар доимгидек, сиз ишга борасиз ва болаларингизни фақат кечқурун кўрасиз».

Саёҳат оилага ҳар доим бирга бўлиш ва фарзандларининг қандай ўсганини кўриш имконини беради. Эбигейл ва Албан улғайгач, улар шундоқ ҳам ўз йўллари билан кетишади, — дейди Бен. Аммо ҳозир болалар билан бирга бўлиш, уларга ҳақиқий дунёни кўрсатиш ва унга очиқ бўлишни ўргатиш учун энг яхши вақт.

— Уларга одамлардан қўрқмасликни ўргатиш керак. Агар сиз Францияда нотаниш одам билан гаплашаётган бўлсангиз, сизга ундан нимадир керак, нимадир сўрамоқчисиз. Одамларни ва уларнинг бир-бирига ўхшамаслигини ўрганиш одат тусига кирмаган. Мен болаларда тўғри дунёқарашни шакллантирмоқчиман, — дейди Бен.

— Бу қандай бўлади?

— Бу қайси мамлакат яхши ва қайси мамлакат ёмон эканини мактаб ҳал қилмаслиги, — деб тушунтиради Суазик. — Китоблар ва фильмлар буни улар учун ҳал қилмаслиги. Улар қайси давлат яхши ва қайсиси унчалик яхши эмаслигини ўзлари шу мамлакатни кўришгани сабабли билишлари керак.

ОАВ фақат ёмон томони ҳақида гапиради, — дея давом этади Суазик, — урушлар, иқлим ўзгариши. Шундай қилиб, одамларда дунё ҳақида иллюзиялардан иборат тасаввурлар шаклланади. Аммо агар сиз бу мамлакатларга борсангиз, уларда уруш, очарчилик, тоталитар режимлар ва иқлим ўзгаришига қарамай яшашни давом эттирадиган ва бахтли бўлишга ҳаракат қиладиган ажойиб одамлар яшаётганини кўрасиз.

«Бир жойда яшаш ва дунёга ҳақида ижобий тасаввурларга эга бўлиш мумкин, — дейди Бен. Аммо сенга яхши янгилик кўрсатилмайди, буни ўзинг излашинг керак. Ҳозир — мана шу ҳақиқий ҳаёт: фарзандларим Ўзбекистон, Қирғизистон, Россиядаги одамлар билан мулоқот қилишади ва бу ерда қандай одамлар яшашини ўзлари ҳал қилишлари мумкин».

Ота-оналар саёҳат пайтида фарзандларининг фикрини тинглашади, шунинг учун улар узоқ муддатли режалар тузишмайди.

«Ҳаттоки эртага бизни нима кутаётганини билмаймиз», — дейди Суазик. Аммо энг муҳими, бир кун келиб, Эбигейл ва Албан йўлдан чарчаб, ўтроқ ҳаётга қайтишни хоҳлашлари мумкин. Шунда ота-оналар, албатта, уларнинг хоҳишига қулоқ солишади — худди ҳозиргидек, болалар бобо-бувиларини соғиниб, улар билан Рождество байрамини ўтказишни хоҳлашаётгани учун жуфтлик Францияга қайтиб кетмоқда.

Байрам кунларидан кейин Бен ва Суазик «Маруся»ни сотишни, каттароқ юк машинасини сотиб олишни ва Жанубий Америка бўйлаб саёҳат қилиш учун янги «автоуй» қуришни режалаштирмоқда.