Исроилда 1 ноябрь куни мамлакат парламенти бўлмиш Кнессетга сайловлар бўлиб ўтди, унда барча сайловчиларнинг 71,3 фоизи иштирок этди, бу 2015 йилдан бери энг юқори кўрсаткич бўлди. Натижалар 3 ноябрь куни эълон қилинди. Унга кўра, Бенямин Нетаняху ва унинг «Ликуд» партияси 23,41 фоиз овоз билан ғалаба қозонди, деб хабар берди Исроил Марказий сайлов қўмитаси.

«Ликуд» Кнессетдаги 120 ўриндан 30 тасини, ўта ўнг ва диний партиялардан ташкил топган иттифоқчиларнинг бутун коалицияси эса 120 ўриндан 64 тасини қўлга киритди.

«Исроил фуқароларига катта ёрдамини учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Биз биргаликда Исроил давлатига катта ғалаба келтирдик. Чин қалбимдан катта раҳмат», — деб ёзди Бенямин Нетаняху твиттерда.

Исроилнинг Га-Арец нашрининг хабарига кўра, атиги 17,78 фоиз овоз олган Исроилнинг амалдаги бош вазири Яир Лапид аллақачон Нетаняхуни ғалаба билан табриклаган.

Нетаняху ўтган йили коррупция ва ишончни суиистеъмол қилиш айбловлари ортидан лавозимини тарк этган эди. Айни дамда суд жараёни давом этмоқда.

Нетаняхунинг сайловолди ваъдалари орасида мамлакат хавфсизлигини таъминлаш, Исроил атрофида «тинчлик ҳалқаси»ни кенгайтириш ва нархларнинг ошишига чек қўйиш бор.