18 ноябрь — Ўзбекистон давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан 13 ноябрда мамлакатнинг 15 та шаҳрида бир вақтда «Янги нафас» спорт мусобақалари ўтказилади.

Марафонларни ўтказиш бўйича 2 ноябрь куни пойтахт ҳокимлигида матбуот анжумани ўтказилди, деб хабар берли «Газета.uz» мухбири.

Ўзбекистоннинг 17 та нуқтаси: Фарғона, Қўқон, Наманган, Андижон, Чирчиқ, Гулистон, Жиззах, Самарқанд, Қарши, Термиз, Навоий, Бухоро, Урганч ва Нукус шаҳарлари ҳамда пойтахтдаги Янги Ўзбекистон ва Ашхобод боғлари, Humo Arena спорт мажмуаси майдонида оммавий марафонлар бўлиб ўтади.

Бош ҳакам Ҳасанбой Ортиқовнинг қайд этишича, барча нуқталарда бўладиган мусобақанинг ягона масофа узунлиги 3 км этиб белгиланган.

«Ҳамма жойда масофа бир хил бўлади ва мусобақа бир вақтда: 13 ноябрь, якшанба куни соат 12:30 да старт олади. Югурувчилар 9 ёшдан юқори бўлиши керак, унда аёлми, эркакми, барча хоҳловчилар қатнашиши мумкин. Ҳар бир нуқтага 23 нафардан ҳакам бириктирилади. Уларга ёрдамчи сифатида талабалар орасидан кўнгиллилар ҳам саралаб олинган. Шуни алоҳида айтишим керакки, мусобақага ногиронлиги бор шахслар жалб қилинади ва уларга ҳам фойдали, қимматбаҳо совғалар берилади», — деди у.

Унинг қўшимча қилишича, охирги беш йил ичида Ўзбекистон терма жамоаси сафига қўшилган барча спортчилар ғолиблик учун иштирок этмайди. Мақсад — бошқа соҳада фаолият юритувчи фуқароларни спорт турларига қизиқтириб, ғолибларни тақдирлаш.


Фото: Енгил атлетика федерацияси.

Спортни ривожлантириш вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Санатилло Ғуломназаровнинг сўзларига кўра, мусобақани юқори савияда ўтказиш бўйича ҳукумат баёни ишлаб чиқилган ва ташкилий қўмита тузилган.

«Ҳар бир ҳудудда вилоят раҳбарлари даражасида штаб тузилган, алоҳида йўл харитаси ишлаб чиқилган. Мусобақани ҳамкор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан ўтказиш бўйича сарф-харажат сметаси тасдиқланган. 17 та нуқтада бўлиб ўтадиган мусобақа учун давлат бюджети ва ҳомийлик пуллари ҳисобидан 3 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилган. Мазкур пуллар ғолибларга бериладиган совғалар, медаллар, футболкалар, транспорт ва бошқа харажатлар учун сарфланади», — деди у.


Фото: Енгил атлетика федерацияси.

Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедовнинг айтишича, ушбу югуриш мусобақаларида 30 мингга яқин иштирокчи қатнашиши кутилмоқда. Тадбир «Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда — бирга югурамиз» шиори остида ўтказилади.

«Аёллар ва эркаклар ўртасида ғолиб бўлган кучли учликка қимматбаҳо совғалар туҳфа қилинади. Ногиронлиги бор шахслар ўртасида ҳам ғолибликка эришган учта ўрин соҳиби бўлган эркаклар ва аёлларга алоҳида-алоҳида совғалар берилади. Барча ғолибларга велосипед ва электросамокат тақдим этилади. Бу совғалар билан вилоятлар ва пойтахтдаги Humo Arena спорт мажмуаси майдонида бўладиган мусобақалар ғолиблари тақдирланади холос», — деди Камолиддин Рўзимуҳаммедов.

ProRun хаваскор югурувчилар клуби раҳбари Андрей Куликов эса Янги Ўзбекистон ва Ашхобод боғларидаги ўтказилагидан марафонларда қатнашиш нега пуллик эканлигига изоҳ берди.

«Биринчидан, Ашхабоддаги тадбир ҳомий ва ҳамкорлар маблағлари ҳисобига ташкиллаштирилмоқда, бунда бюджет маблағлари жалб қилинмаган. Иккинчидан, барчага махсус футболкалар бепул тарқатилади, улардан 400 таси эълон қилинган дизайнда, яна 200 таси эса янгича дизайнда бўлади. Шунингдек, иштирокчиларга 150−200 та медаль ҳам берилади. Ҳар бир медаль нархи 100 минг сўм туради. Иштирок этиш суммаси эса 50 минг сўмни ташкил қилмоқда», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, бадал пули киритилишининг сабаби бор. Тажрибада одамлар марафондан олдин футболкани қўлга киритишгани ва аслида югуришга келмаганлиги кузатилган. «Инсон масъулиятлироқ бўлиши учун қанчадир суммани белгилаш керак. Қолаверса, хориж тажрибаси, масалан, Японияда барча югуришлар тўлиқ пуллик асосда ўтказилади», — деди Андрей Куликов.

Humo Arena`да эса марафон олдидан тарқатиш жараёни бўлиб ўтади. Битта чип нархи 2 доллар, йиртилмайдиган иштирокчи рақами эса 1 доллар туради. «Хронометраж хизматлари жуда қиммат, чунки тизимнинг ўзи 25 минг доллар атрофида туради. Мен буни иштирокчилар ёки кузатувчилар нима учун бунақа сумма белгиланган деган савол бермасликлари учун атайлаб айтаяпман», — деди у.

Камолиддин Рўзимуҳаммедовнинг қайд этишича, оммавий югуриш мусобақаси доирасида ҳар бир ҳудудда кўнгилочар тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган. Шунингдек, давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб оммавий флешмоблар ҳам ташкил этилади.