Telegram мессенжерида ўзбекистонликларни ҳақоратлаган Қашқадарёдаги «Indorama agro» кластери ишчиси, Ҳиндистон фуқаросига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.

Қашқадарё вилоятида жойлашган «Indorama agro» МЧЖ вилоят ИИБга мурожаат қилиб, Telegram мессенжиридаги гуруҳда «Rahul» номли фойдаланувчи инглиз тилида ишчи ходимларини ҳақорат қилган.

Корхона ишчиларидан бири «Газета.uz»га тақдим қилган скриншотларга кўра, «Rahul» гуруҳда «Ўзбекистон фуқаролари пул эвазига онасини ҳам сотишга тайёр. Ҳеч кимга ишониб бўлмайди» деб ёзиб қолдирган.

Бундан ташқари, ҳиндистонлик гуруҳлардаги ёзувларда фақатгина ишчиларни ҳақорат қилмаган. «Ўзбекистон фуқаролик паспортига эга ҳеч бир шахсга ишониш мумкин эмас, айниқса у мусулмон бўлса, шунчаки унга ишонма», — деб ёзган у.


Гуруҳда 32 киши бўлиб, уларнинг орасида ўзбекистонлик ишчилар ҳам борлиги ва бу каби ёзувларга улар ҳеч қандай муносабат билдирмагани айтилмоқда.

Тармоқларда корхона ишчилари бунга эътироз билдириб, ушбу шахсни аниқлаб, унга нисбатан қонуний чора кўришликни сўради.

Киберхавфсизлик маркази қайд этишича, тезкор-қидирув тадбирлари натижасида мазкур шахс Ҳиндистон давлатида туғилган, ҳозирда «Indorama agro» МЧЖда ишловчи ходим Кулкарни Раҳул Дилипрао эканлиги аниқланди.

Унга нисбатан Жиноят кодексининг 140-модда 2-қисми (Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириш орқали ҳақорат қилиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳужжатлар судга оширилиб, гумондорнинг айби ўз тасдиғини топса, у БҲМнинг 200 бараваридан 400 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатдан 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 1 йилдан 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.


КТЯДР маълумотларига кўра, Indorama agro 2018 йилнинг 19 ноябрида давлат рўйхатидан ўтказилган. Асосий фаолияти пахта толаларини тайёрлаш ва йигириш бўлган компаниянинг устав фонди 66 млрд 975,5 млн сўмни ташкил этади. Унга Раина Депак ХХХ раҳбарлик қилади. Таъсисчиси сифатида эса Indorama Holdings B.V. (100%) кўрсатилган.

Мазкур компания Indorama Kokand Fertilizers and Chemicals АЖда ҳам асосий таъсисчи ҳисобланади — устав капиталида 95,50% улушга эга. Унинг раҳбари эса Сингҳ Раҳул ХХХ этиб кўрсатилган.