Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон республика валюта биржаси (ЎзРВБ) савдо платформасида илк бор «Асакабанк» АЖ ва «Қишлоқ қурилиш банки» АТБ томонидан экспирация муддати жорий йилнинг ноябрь ойида белгиланган валютавий фьючерс шартномалари билан битимлар тузилди. Бу ҳақда ЎзРВБ матбуот хизмати хабар берди.

Базавий активи АҚШ долларининг сўмга нисбатан курси бўлган фьючерс шартномалари билан савдолар илғор хорижий тажриба ва замонавий халқаро стандартлар асосида ЎзРВБ томонидан ишлаб чиқилган (in-house) янги электрон савдо платформасида ташкил этилди.

Аввалроқ, Марказий банк, ЎзРВБ ва бошқа мутасадди вакиллар иштирокида янги фьючерс платформаси ва мобил илованинг тақдимоти бўлиб ўтгани ҳақида ёзилганди.

Унда, МБ департамент директори Алимардон Адилов фьючерс операциялари олди-сотдисининг йўлга қўйилиши бевосита спекуляция ва хеджирлаш (суғурталаш) жараёнлари асосида амалга оширилиши ва провайдер банклар бу орқали келажакдаги риск хавфини камайтиришга эришишини таъкидлаб ўтганди.

Мутахассислар томонидан хориж тажрибаси ўрганилганда фьючерс савдолари учун энг қулай муддат 1 ойдан 3 ойгача бўлган вақт дея белгиланган.

Хозирда платформанинг кафолат жамғармаси 4 млн АҚШ долларини ташкил этади. Платформага валюта биржасига тегишли Rhombus тизими орқали кирилади.