3 октябрь куни Марказий банк ва Ўзбекистон республика валюта биржаси (ЎзРВБ) томонидан «валюта биржасида валютавий фьючерс операцияларининг жорий этилиши, мобил илова ва ликвидлик провайдерларининг йўлга қўйилиши» мавзусида тақдимот бўлиб ўтди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Дастлаб сўзга чиққан МБ департамент директори Алимардон Адилов фьючерс операциялари олди-сотдисининг йўлга қўйилиши бевосита спекуляция ва хеджирлаш (суғурталаш) жараёнлари асосида амалга оширилиши ва провайдер банклар бу орқали келажакдаги риск хавфини камайтиришга эришишини таъкидлади.

Ушбу лойиҳа президентнинг 2021 йил 13 апрелдаги [ПФ-6207-сон] фармони асосида ишлаб чиқилди.

Валюта хатарларини камайтиришга қаратилган валюта фьючерсларини жорий қилиш ва уни амалиётга татбиқ этишда Молия вазирлиги ва Марказий банк масъул этиб белгиланган.

Валютавий фьючерс — маълум бир миқдордаги валютани битим тузилган кундаги келишилган нарх бўйича келажакда аниқ бир кунда сотиш ёки сотиб олиш шартномаси.

Фьючерс савдолари учун янги платформа

Ички бозорда молиявий воситалар сонини ошириш ва уларнинг самарадорлигини ошириш мавзусида ЎзРВБ бош директори Рашидхон Усманов сўз юритди.

«Биз бугун тарихий ҳодисанинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Молия вазирлиги, Марказий банк ва тегишли мутасадди вакиллар билан ҳамкорликла ушбу платформани яратиш устида кўплаб ишлар олиб борилди. Шуни таъкидлаш жоизки, платформадан фойдаланувчи инвест компаниялар ва маркетплейс иштирокчиларига енгиллик сифатида жорий йилнинг 31 декабрига қадар комиссион тўловлар олинмайди», — деди Усманов.

Маълумот учун, мутахассислар томонидан хориж тажрибаси ўрганилганда фьючерс савдолари учун энг қулай муддат 1 ойдан 3 ойгача бўлган вақт дея белгиланди.

Хозирда платформанинг кафолат жамғармаси 4 млн АҚШ долларини ташкил этади. Платформага валюта биржасига тегишли Rhombus тизими орқали кирилади.

Мобил илова

«UzCE Mobile GB» иловаси президентнинг тегишли фармони билан тасдиқланган «Йўл харитаси» ва ЎзРВБнинг тараққиёт стратегиясига мувофиқ жорий этилди.

«Иловани Москва, Қозоғистон, Беларусь, Чикаго ва Истанбул тажрибасидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқдик. Бунинг учун Dart ва Flutter дастурлаш тилидан фойдаландик. Иловада ДҚҚ бозоридаги аукционлар параметрлари, сотиш, сотиб олиш, бекор қилиш каби амалиётларни бажариш, депо ҳисоб-варағи, биржа котировкалар ва янгиликлардан хабардор бўлиш имкони мавжуд», — дея маълумот берди регуляторнинг Монетар операциялар департаменти директори ўринбосари Аброр Мирзо Олимов.

Мобил илова Android va iOS фойдаланувчилари учун керакли юклаб олиш платформаларига жойлаштирилгани ҳам айтиб ўтилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 6−24 июнь кунлари тест режимида ўтказилган савдо натижаларига кўра, иштирок этган 15 та банк ўтрасида тузилган фьючерс шартномалар ҳажми 313,2 млрд сўмни ташкил этди. Шунинг таҳлил натижалари 77% банклар ўз мижозларига ликвид деривативлар бозори маҳсулотларини тақдим этишни хоҳлаши маълум бўлди.

Тақдимот сўнггида провайдер банклар ва валюта биржаси ўртасида ўзаро шартномалар имзоланди.