«Оила ва хотин-қизлар» илмий тадқиқот институти директори ўринбосари Ҳамид Абдураимов АОКАда ўтказилган брифингда социологик тадқиқот натижаларини эълон қилди.

Таҳлилларга кўра, сўнгги йилларда Ўзбекистонда туғилишлар сони йил сайин ортиб бормоқда. Жумладан, 2000 йилда 527,6 минг нафар, 2010 йилда 634,8 минг нафар гўдак дунёга келган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич 905,2 минг нафарга етди. Халқаро мезонларга кўра, Ўзбекистон 2021 йилда туғилиш даражаси бўйича «ўртача юқори» бўлган мамлакатлар қаторидан жой эгаллади.

Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси ҳузуридаги «Оила ва хотин-қизлар» илмий тадқиқот институти томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Аҳолишунослик жамғармаси билан ҳамкорликда оилаларда туғилишнинг кўпайиш омилларини аниқлаш мақсадида 2022 йилнинг 8 августдан 15 сентябрга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоят ва Тошкент шаҳрида социологик тадқиқот ўтказилди. Тадқиқот 15 та шаҳар, 33 та туман ва 204 та маҳаллани қамраб олди.

Тадқиқот натижаларига кўра, Ўзбекистонда хотин-қизларнинг аксарияти оилада фарзандлар сони 3−4 нафар бўлишини маъқул кўришади. Яна муҳим бир жиҳат, хотин-қизларнинг ҳар учтадан бири (32,2%) кўп фарзандли бўлишни истайди.

Тадқиқотда фарзандли аёлларнинг яна қанча фарзанд кўришлари тўғрисидаги фикрлари ўрганилганида, 47,3 фоиз аёллар 4 нафар, 38,6 фоиз аёллар 3 нафар фарзандли бўлишни режалаштиришгани аниқланди. Кўп фарзандли бўлишни истовчилар улуши 53,1 фоизни ташкил этди.

Тўрт нафар ва ундан кўп фарзанд кўришни режалаштириш ҳолати фарзанд кўргунга қадар ҳар учинчи респондентга (28,5%) хослиги кейинги йилларда ҳам Ўзбекистонда демографик ўсиш суръати юқори даражада сақланиб қолишидан дарак бермоқда.

Маълумотлар миллатлар кесимида таҳлил қилинганида, мамлакатда ўзбеклар ва унга қардош бўлган миллат вакиллари оилада 3−4 нафар фарзанд кўришни режалаштиргани, ҳар иккинчисининг эса бу борада тақдирга ишониши Марказий Осиёда яшовчи аксарият миллатларнинг қадриятлари, турмуш тарзи, диний қарашларининг якдиллиги, шунингдек, Ўзбекистондаги аксарият халқларнинг маданиятидаги ассимиляция жараёни доминант маданият томонига оғиши билан изоҳланади.

Ўзбекистонда аёллар биринчи фарзандини асосан 20−24 ёш оралиғида дунёга келтиришни маъқул кўришади. 27,1 фоизи бу ҳақда ўйлаб кўрмаганликларини, 13,2 фоизи эса буни тақдир билан боғлашларини билдиришди.

Таҳлиллар сўнгги фарзандни дунёга келтиришнинг энг мақбул ёш оралиғи 30−35 ёш эканлигини кўрсатди. Деярли 10 фоиз хотин-қизлар сўнгги фарзандни 36−40 ёш оралиғида кўришни исташади. 30 фоизи бу тўғрисида ҳали ўйлаб кўрмаганликлари, 19 фоизи бу ҳолат уларнинг истакларига боғлиқ эмаслигини қайд этди.

Аёллардан кўп фарзандли бўлишнинг асосий сабаби сўралганида, уларнинг ота-оналарга кексаликда таянч бўлиши асосий омил сифатида аксарият аёллар томонидан айтиб ўтилди. Айрим ҳолларда оилада ўғил фарзанд кўриш истаги фарзандлар сонининг кўп бўлишига сабаб бўлувчи асосий омил ҳисобланади. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳар ўнинчи (10,6%) респондент «диний эътиқод»ни кўп фарзандли бўлишнинг асосий омили сифатида кўрсатди. Бу эса жамиятда диний меъёр ва қадриятларнинг ўрни тобора ортиб бораётганлигидан далолат беради.

Аёлларнинг ўз репродуктив хулқ-атворини ўзи белгилаши, оилада нечта фарзанд кўришни режалаштириши уларнинг маълумот даражасига ҳам боғлиқ. Тадқиқот фарзандлар сони ўзининг қарорига боғлиқ эмаслиги ҳолати ўрта маълумотли аёлларда юқори, олий маълумотлиларда эса бир мунча паст (26,5%) эканлигини кўрсатди.

Олинган натижаларга кўра, ҳар еттинчи хотин-қизлар (15,3%) 2 нафар фарзанд битта оила учун етарли деган фикрни билдирди. Бундай жавоб кўпроқ олий маълумотли аёлларда қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, 77,5 фоиз репродуктив ёшдаги хотин-қизлар ҳомиладорликдан сақланиш бўйича у ёки бу даражада хабардор. Уларнинг 64,4 фоизи ҳомиладорликдан сақланиш тўғрисида етарли даражада, 13,1 фоизи қисман хабардорлигини айтиб ўтди. Шунингдек, 22,5 фоиз аёллар бу борада маълумотга эга эмас.

Ҳудудлар кесимида Қашқадарё (34,4%), Навоий (34,1%), Жиззах (32,2%), Сурхондарё (31,9%) ва Хоразм (30,1%) вилоятларида ҳомиладорликдан сақланиш тўғрисида маълумотга эга бўлмаган хотин-қизлар улуши нисбатан юқори.

Тадқиқот натижалари оила қурган аёлларнинг 76,5 фоизи ҳомиладорликдан сақланишини, ҳар бешинчи аёлдан биттаси, яъни 21,3 фоизи ҳомилардорликдан сақланмаслигини кўрсатди.

Ҳар ўнинчи ҳолатда (9,3%) кузатилган исталмаган ҳомиладорлик ҳимояланиш воситаларидаги тақчиллиги туфайли юзага келган.