Президент матбуот котиби Шерзод Асадов ҳафта давомида Шавкат Мирзиёев иштирокида кўплаб учрашув, муҳокама ва тадбирлар бўлиб ўтишини маълум қилди. Бу ҳақда унинг сўзларига таяниб, «Газета.uz» мухбири хабар берди.

Душанба куни эрталаб Қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва бу борада иссиқхоналар фаолиятини қўллаб қувватлаш масаласида президентга ҳисобот берди. Куннинг иккинчи ярмида ҳудуд ва тармоқларда энергия тежамкорлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан соҳа мутасадди раҳбарлари иштирокида тақдимот режалаштирилган.

Шунингдек, мазкур ҳафта давомида:

  • иқтисодиёт тармоқларига берилаётган имтиёзлар самарадорлигини ўрганиш натижалари юзасидан муҳокама;
  • маҳаллий саноатни янада ривожлантириш борасида мавжуд имкониятлар ва янги захираларни сафарбар этиш юзасидан кенгайтирилган мажлис;
  • одил судловни таъминлаш ҳамда суд ислоҳотларини янада такомиллаштириш борасидаги устувор вазифалар юзасидан тақдимотлар ўтказиш кўзда тутилган.

Шерзод Асадов бошланган ҳафтада ташқи сиёсий масалаларда ҳам қатор тадбирлар борлигини алоҳида қайд этди.

1 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок бошчилигидаги делегацияни қабул қилади. Учрашувда икки томонлама муносабатлар истиқболи, савдо-иқтисодий, энергетика йўналишидаги ҳамкорлик муҳокама қилинади ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилади.

3 ноябрь куни эса давлат раҳбарининг БАА ҳукумат ишлари бўйича вазири Муҳаммад бин Абдуллоҳ ал-Гаргавий билан учрашув ўтказиши кўзда тутилган.