«Газета.uz» «Ўзбек тили ойлиги» ойлиги доирасида таҳририят нафақат 1990 йилларда чоп этилган долзарб материалларни қайта эълон қилди, балки тилшунос, ёзувчилар қаламига мансуб янги материалларни ҳам бериб борди. 31 октябрь куни мазкур ойликка якун ясар эканмиз, Германиядаги ватандошимиз, тилшунос Акмал Соҳибовнинг мақоласини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Янги ўзбек алифбоси қандай бўлиши керак?

Ўтган йили лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди. Таклифда бир неча ҳарфларни ўзгартириш, алифбони қулайлаштириш масаласи илгари сурилди. Лекин шу чоққача эътироф этгулик ҳаракат кузатилмади. Алифбони ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш нега керак?

1993−1995 йиллардан бери алифбо, тил масаласида қайта-қайта қонун, лойиҳаларни ўртага қўйдик. Аммо аксари қоғоздалигича қолиб кетаверди. Биргина алифбомизни соддалаштириш ўрнига мураккаблаштириш, шунингдек, айрим товушларни ҳарф сифатида киритиб, ишимизни қийинлаштиравердик. Лотин алифбосида ифодаланган ҳинд-европа тиллари оиласига мансуб герман тилларидаги алифболарни ва чет сўзларни ўзлаштиришдаги орфографик мослашувчанликни таҳлил қилиш ўрнига, араб, кирилл ва турк алифбосига таяниб янги ўзбек алифбоси яратиш ҳаракатидамиз. Бироқ бу масалада немис тили ҳам ўзбек алифбосини яратишда, чет сўзларидаги орфографик камчиликларини бартараф этишига ёрдам бериши мумкин.

Янги ўзбек алифбоси чет тилидан кириб келган ва кириб келаётган сўзларни қамраб олишда немис тилидагидек очиқ ва қабул қилувчан бўлиши муҳим. Алифбомиз ўтган йилларда араб, кирилл ва турк алифбоси таъсири остида қолиб, бугун гибрид ва ноқулай ҳолатга келиб қолган. Масалан, юқорида айтилган уч алифбодан кириб келган «Ш» ва «Ч» ҳарфлари бизда бирикма эмас, балки яхлит ҳарф сифатида қабул қилинган. Назаримда, алифбо масаласи билан шуғулланаётган олимларимиз 1993 ва 1995 йилларда «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонунлар доирасида фикр юритиб, тилдаги янгилик, ўзгариш ва инновацион қарашларни инкор этаётган бўлсалар керак. Дунёга янгича қайта очилиб, барча соҳаларни либераллаштириш ва ривожлантириш йўлига интилаётган пайтда алифбони яна эски қолибга солиш қанчалик тўғри?

Термиз давлат университетининг чет тиллар (немис ва инглиз тили) филологияси факультетини битирганман ва филолог сифатида янги алифбо масаласида фикрларимни билдирмоқчиман.

Аввало, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси тилимизга кириб келган ва келаётган чет сўзларни муносиб қабул қилишга қодир эмас. Бунга масалан С ва W ҳарфлари режалаштирилаётган алифбода мавжуд эмаслиги яққол далилдир. Масалан, Computer ва Windows сўзларини олайлик. Ҳозирги алифбо икки сўзни Kompyuter ва Vindovs сифатида, яна гибрид ҳолатда ёзишни тақазо этмоқда. Буни замонавий ривожланиш тенденциялари билан таққосласак номуносибдир. Инглиз ва бошқа тилдан кириб келган сўзларни, айтайлик, Interview, Call center, Skype, Cowboy, Facebook`ни асли ҳолатда қолдирганимиз маъқул, бўлмаса, антиқа сўзлар оламига тушиб қоламиз: intervyu, kol sentr, skayp, kavboy, feysbuk каби. Ундан ташқари С ҳарфи ҳалқаро категория, стандарт, классификация ва кетма-кетликда жуда муҳимдир: А В С.

Алифбога ўзгартиришлар ҳақида гап кетганда немис тили мутахассиси сифатида шу тил қоидаларини қўллашни афзал биламан. Сабаби бу тил инглиз ва бошқа тиллардан кириб келган чет сўзларни қабул қилишда жуда мослашувчан, жумлани йўриғига «юргизади»:

  • (ингл.) to download — (нем.) downloaden;
  • (ингл.) interview — (нем.) interviewen;
  • (фран.) chef — (нем.) сhef;
  • (итал.) lasagne — (нем.) lasagne ва бошқалар.

Тил бойиши, чет сўзларни қабул қилишда мослашувчанлиги билан тирик ва жозибадордир. Ўзбек тили ҳам айни шу жиҳати билан тилимизни бойитиши ва мулоқотни енгиллаштириши мумкин, масалан:

  • (ингл.) to upload — (ўзб.) uploadlamoq;
  • (ингл.) to interview — (ўзб.) interviewlamoq ёки interview olmoq;
  • (ингл.) to chat — (ўзб.) chatlashmoq ва ҳоказо.

Аксар чет сўзларини биз рус тили ва кирилл алифбоси орқали олиб, сўнг янги ўзбек алифбосида ёзмоқдамиз. Бу амалиётдан воз кечиш пайти етган. Энди «воситачи» тилларни бир четга суриб, ўзбек тили имкониятларидан кенг фойдаланиш шарт. Ишни янги ўзбек алифбоси асосида ўзбек тилида чет сўзлар луғати яратишдан бошлаган маъқул. Мен таклиф қилаётган 28 ҳарфдан иборат ушбу алифбо шу мақсадларни кўзлаган. Ёзувда сўзларнинг бўлинишини олдини олиш учун O‘ ва G‘ ўрнига биз Ö ва Ğ ҳарфларини ишлатганимиз яхшироқ. CH ва SH ҳарф бирикмаларининг Ç ва Ş ҳарфлар ўрнида ишлатилиши ёзувдаги чалкашликка барҳам беради. Бу ҳарфлар, аниқроғи, ҳарф бирикмаларини янги алифбога қўшмаслик керак. Бундан ташқари С ва W ҳарфлари янги алифбода қандай талаффуз қилинади, деган савол туғилади. Бу иккиси С (ц) ва W (қўшма в) деб талаффуз қилинади.


Тилда ривожланишга мослашувчанлик ва чет сўзларидан кенг фойдаланиш соддалаштирилган ва амалий жиҳатдан тан олинган алифбони тақозо этади. Бу борада немис тилида қўлланадиган тажриба ва ўзлашувчанликка оид мисоллар янги ўзбек тили ва алифбосининг жозибадорлигини оширади, тил билан боғлиқ ҳозирги муаммоларимизни тезроқ ҳал этишга ёрдам беради.

Акмал Соҳибов.

Германиянинг Магдебург шаҳридаги Кўнгилли қайтиш маркази маслаҳатчиси, тилшунос.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.