Октябрь ойининг сўнги кунларида республикада беқарор об-ҳаво кузатилиб, ҳарорат бироз пасаяди. Бу ҳақда Ўзгидромет бош директори Шерзод Ҳабибуллаев ўзининг Facebook`даги саҳифасида маълум қилди.

Жума ва шанба кунлари республика ҳудуди илиқ ва бироз нам ҳаво массалари таъсири остида бўлади. 28 октябрь куни кечга томон ва 29 октябрь куни республиканинг айрим ҳудудларида бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кечалари +5…+10 даража илиқ, кундуз кунлари +16…+21 даража атрофида бўлади.

30−31 октябрь кунлари Ўзбекистон ҳудудига Волга бўйи ҳудудларидан нам ва совуқ ҳаво массалари кириб келади.

Якшанба куни республика ҳудуди, душанба куни Фарғона водийси вилоятлари бўйича ёмғир ёғади, баъзи жойларда кучли бўлади. Тоғли ҳудудларда 30−31 октябрда ёғингарчилик (ёмғир, қор), вақти-вақти билан кучли бўлади.

30−31 октябрда Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий, Сурхондарё, Фарғона вилоятларида баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар кузатилиши кутилмоқда.

Кундузи ҳаво ҳарорати +10…+13 даражагача пасаяди.