Маданий мерос ва туризм соҳасидаги қонунчилик ижросини таъминлаш мақсадида Қашқадарё вилоятида жойлашган (1 468 та) тарихий объектларни ўрганиш давомида бир қатор қонун бузилиши ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Жумладан, 18 та маданий мерос объектида ноқонуний қурилмалар қурилган ва ўзбошимчалик билан таъмирлаш ишлари ўтказилган.

Масалан, Яккабоғ туманидаги XII асрга оид Гумбаз масжидининг ички деворлари реставрация қоидаларига зид равишда таъмирланган бўлса, Касби туманидаги XIV асрда бунёд қилинган Катлас масжиди деворларига тақаб девор қурилиб, зарар етказилган.

Шунингдек, маданий мерос объектларининг 382 таси ёки 26 фоизида муҳофаза белгилари ўрнатилмаган. Яккабоғ туманидаги XII-XIV асрларга оид Ёдгор Валламин мадрасаси ёки Касби туманидаги XIV асрда қурилган Катта Сардоба ёдгорликлари шулар жумласидан.

Вилоятдаги 35 та тарихий объект таъмир талаб, авария ҳолатига келиб қолгани, 10 та маданий мерос объектидан ноқонуний фойдаланиб келингани, 5 та маданий мерос объектига ноқонуний равишда реклама баннерлари ўрнатилгани аниқланди.

Бундан ташқари, туристлар ташриф буюрадиган 58 та маданий мерос объектида ёнғин хавфсизлиги, 49 тасида санитария қоидалари талаблари бузилгани аниқланди.

«Қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан тегишли таъсир чоралари қўлланилиб, уларни бартараф этиш бўйича мутасаддиларга тегишли кўрсатмалар берилди. Ўрганиш давом этмоқда», — дейилади прокуратура хабарида.