27 октябрь куни Европа Кенгаши президенти Шарль Мишель Ўзбекистонга ташриф буюрди. 28 октябрь куни тонгда у «Янги Ўзбекистон» боғига бориб, Мустақиллик монументи пойига гулчамбар қўйди.


Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, тор доирадаги учрашувда кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди. Бундан ташқари, халқаро ва минтақавий кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.


«Мамлакатдаги демократик янгиланишлар ва иқтисодий ислоҳотларни, энг аввало, инновациялар, „яшил“ иқтисодиёт, рақамлаштириш соҳаларида амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида амалий ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги биргаликдаги ишларни давом эттириш юзасидан келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон томонидан «Марказий Осиё — ЕИ» форматидаги саммитда илгари сурилган таклиф ва ташаббусларни рўёбга чиқариш бўйича «йўл харитаси»ни тайёрлаш масаласи келишиб олинди.


Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, музокараларда Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш масаласи ҳам муҳокама қилинган.

Шавкат Мирзиёев «сўз эркинлигини таъминлаш соҳасида жуда яқин ва очиқ ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлигини билдирди», — деб ёзади у.

«Ушбу йўналишдаги ишларнинг натижаларини баҳолаш ва оммавий ахборот воситаларини янада қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишга келишиб олинди», — дея қўшимча қилди Шерзод Асадов.