Ўзбекистонда 1 октябрь ҳолатига доимий аҳоли сони 549,7 минг кишига ёки 1,6% га кўпайиб, 35 821 минг кишини ташкил этиб. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси маълумотларида акс этган.

Жумладан, шаҳар аҳолиси сони 18 234,7 минг кишини (жами аҳоли сонидаги улуши 50,9%), қишлоқ аҳолиси сони 17 586,3 минг киши (49,1%)ни ташкил этди.

Статистика 1 октябрь ҳолатига кўра, республика доимий аҳолиси сонининг 31,7% и меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар, 57,0% и меҳнатга лаёқатли ёшдагилар ва 11,3% и меҳнатга лаёқатли ёшдан катталар эканини кўрсатмоқда.

Аҳоли зичлиги

1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 1 квадрат километрга ўртача 79,8 киши тўғри келган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан солиштирилганда 1,7 кишига ортган (2021 йилда 1 кв.кмга 78,1 киши). Ҳудудлар бўйича қарайдиган бўлсак, аҳоли зичлигининг энг юқори кўрсаткичи Тошкент шаҳрида 6549,4 киши, Андижон вилоятида 768,4 киши, Фарғона вилоятида 584,9 киши, Наманган вилоятида 400,4 киши, Самарқанд вилоятида 244,2 кишини ташкил этган бўлса, энг паст кўрсаткичлар Навоий вилояти 9,5 киши, Қорақалпоғистон Республикасида 11,8 киши, Бухоро вилоятида 49,7 киши, Жиззах вилоятида 69,1 киши, Қашқадарё вилоятида 121,2 кишини ташкил этган.

Туғилишлар

Январь-сентябрь ойларида 681,8 мингта бола туғилганлиги қайд этилган бўлиб, мос равишда 1000 аҳолига нисбатан туғилиш коэффициенти 25,6 промиллени ташкил этди ҳамда бу кўрсаткич 2021- йилга нисбатан 0,2 промиллега камайганлиги кузатилди (2021 йилда 25,8 промиллени ташкил этган). Туғилишларнинг энг кўп сони ёз ойларига тўғри келмоқда.

Ўлим ҳолати

Ўтган 9 ой ичида вафот этганлар 130,4 минг кишини ташкил этиб, уларнинг энг кўпи Самарқандда қайд этилган.

Ўлим ҳолатининг 56,8% и — қон айланиш тизими касалликларидан, 8,2% и — ўсимталардан, 9,8% и — нафас олиш аъзолари касалликларидан, 5,6% и — бахтсиз ҳодиса, заҳарланиш ва жароҳатланишлардан, 4,0% и — овқат ҳазм қилиш аъзолари касалликларидан, 1,5% и — юқумли ва паразитар касалликлардан, 14,1% и бошқа касалликлардан вафот этганлардир.

Никоҳ ва ажралишлар сони

Мос равишда 9 ойлик давомида 197 мингта никоҳ қайд этилган ва уларнинг энг кўпи Самарқанд ҳисобига тўғри келади. Ажралишлар бўйича Тошкент шаҳри етакчи ўринни эгаллаб турибди. Шунга қарамасдан ажралишлар ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 20,1 фоизга камайган.

Миграция

Доимий яшаш мақсадида кўчиб келганлар жами сони 166 909 кишини, шу жумладан республиканинг бошқа ҳудудларидан кўчиб келганлар 165 420 кишини, хорижий мамлакатлардан кўчиб келганлар 1489 кишини ташкил этди. Доимий яшаш мақсадида кўчиб кетганлар сони жами 168 571 кишини, шу жумладан республиканинг бошқа ҳудудларига кўчиб кетганлар 165 420 кишини, хорижий мамлакатларга кўчиб кетганлар 3 151 кишини ташкил этиб, миграция сальдоси минус 1 662 кишини ташкил этди.

Хорижий мамлакатлардан кўчиб келганларнинг асосий қисми Қозоғистон Республикаси (жами хориждан кўчиб келганларга нисбатан (35,2%), Россия Федерацияси (31,9%), Тожикистон Республикаси (7,3%), Қирғиз Республикаси (4,8%), Туркманистон Республикаси (1,3%) ва бошқа мамлакатлар (19,5%) ҳиссасига тўғри келган.