Тошкент шаҳридаги атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи 15 та корхона фаолияти экологик талаблар тўлиқ бажарилгунга қадар тўхтатилди. Бу ҳақда 27 октябрь куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси Нарзулла Обломурадовнинг таъкидлашича, атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта бўлган корхона ҳамда ташкилотлар фаолияти устидан мунтазам равишда мониторинг ишлари олиб борилмоқда.

«Сўнгги икки йилда мониторинг дастурига киритилган корхоналар сони қарийб 2 баробарга ортиб, қамраб олинган корхоналар сони 800 тага етди. Тошкент шаҳрининг ўзида 63 та объектда мониторинг назорати амалга оширилмоқда», — деди у.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистон бўйича жорий йилнинг 9 ойида 648 та субъектда экологик назорат тадбирлари ўтказилган. Атроф-муҳитни меъёридан ортиқ ифлослантирганлик учун 49,5 млрд сўм миқдорида компенсация тўловлари белгиланган.

«Шундан, атмосфера ҳавосига меъёридан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик учун 9,5 млрд сўм миқдорида компенсация тўловлари ҳамда қонунбузилиши холатлари юзасидан мансабдор шахсларга нисбатан 411 млн сўм жарималар белгиланган», — деди қўмита раиси.

Таъкидланишича, Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг ўтган даврида 60 дан зиёд субъектларда экологик назорат тадбирлари ўтказилган. Атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун 13,5 млрд сўмдан ортиқ, атмосфера ҳавосига меъёридан ортиқ ифлослантирувчи моддаларни ташлаганлик учун эса 2 млрд сўмдан зиёд компенсация тўловлари белгиланган.

«Пойтахтда атроф-муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи 22 та корхона фаолиятини тўхтатиш бўйича суд органларига тегишли хужжатлар киритилди. Шундан бугунги кунгача 15 та корхона фаолияти экологик талаблар тўлиқ бажарилгунга қадар тўхтатилди», — деди Нарзулла Обломурадов.