Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлат раҳбари Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва вилоятлар ҳокимларига қатор топшириқлар берди, дея маълум қилди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Келтирилишича, йиғилиш аввалида президент барча шифокор ва ҳамшираларни, фелдьшер ва санитарларни яқинлашиб келаётган Тиббиёт ходимлари куни билан табриклади.

«Хабарингиз бор, жорий йил март ойида сизлар билан очиқ мулоқот ўтказиб, барча масалаларни очиқ-ойдин муҳокама қилган эдик. Бугунги йиғилишимизни ана шу очиқ мулоқотнинг мантиқий давоми, десак, бу ҳам тўғри бўлади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари мутасаддиларга топшириқ бериб, икки ой муддатда 300 та маҳаллада тиббиёт пунктлари ташкил қилиниши, 1 мартга қадар бундай тиббиёт пунктлари оилавий поликлиникалардан 10 километр узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада ҳам барпо этилишини маълум қилди.

Шунингдек, 30 та оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалари ташкил этилиб, уларни жиҳозлаш, келгуси йилда яна қўшимча 140 та оилавий шифокор пунктлари ва поликлиникалари ташкил этилади.

Икки ой муддатда оналар ва болалар саломатлиги бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади. Унда туғруқ бўлимларининг моддий-техник базасини яхшилаш, туғруқ ўринларини босқичма-босқич кўпайтириш, болаларда туғма нуқсонларни олдини олиш ва эрта аниқлаш, махсус дори воситалари билан таъминлаш, Акушерлик-гинекология, Скрининг ва Репродуктив саломатлик марказларининг ягона вертикал тизими яратилади.

Бундан ташқари, хорижий ишлаб чиқарувчилар билан музокара ўтказиб, 640 та тез ёрдам машинасини харид қилиш вазифаси берилди.

Икки ой муддатда барча ихтисослашган марказларда камида 10 тадан янги юқори технологик даволаш усулларини жорий қилиш бўйича дастур қабул қилинади. Шунингдек, тиббиёт муассасалари моддий-техник базасини яхшилаш бўйича уч йиллик дастурни ишлаб чиқиш, унда 1 минг 117 та тиббиёт муассасини қуриш ва капитал таъмирлаш, 668 тасининг ичимлик суви, иссиқлик тизими ва электр таъминотини яхшилаш, 1 минг 870 тасига 38 мингта янги тиббий жиҳозлар етказиб беришни назарда тутиш топширилди.

Вазирлар Маҳкамасига ҳамшираларни ўқитиш ва малакасини ошириш, меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини ошириш, умуман, улар учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитларини яратиш масалаларини ўз ичига олган қарор лойиҳасини тайёрлашга топшириқ берилди.


Президент тиббиёт соҳасидаги энг устувор вазифалардан бири малакали тиббий хизматларнинг ҳар бир хонадонга кириб боришини таъминлашдан иборатлигини таъкидлади ва эришилган натижаларга ҳам тўхталиб ўтди.

Қолаверса, давлат раҳбари бирламчи бўғинни маҳаллагача тушириш бўйича бошлаган ислоҳотлар самарасини ошириш лозимлигини қайд этиб, оилавий поликлиникалардан 10 км узоқликда жойлашган 272 та маҳаллада тиббиёт пунктларини ташкил қилиш ишларини жадаллаштиришни топширди.

«Қишлоқ шифокори» дастури доирасида олис ҳудудларда 191 нафар шифокор иш бошлади. Яна 171 та бўш ўринни тўлдириш вазифаси қўйилди. Шифохоналарда туғруқ ўринларини кўпайтириш, республика бўйича 46 та туманлараро перинатал марказни ташкил этиш ишларини тезлаштириш топширилди.

Тез тиббий ёрдамда чақирувга етиб бориш вақти 3 баробарга, харажатлар 25 фоизга қисқаришига қаратилган президент қарорларининг ижроси устидан назоратни кучайтиришга кўрсатма берилди. Йиғилишда мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳокимлар, соҳага масъуллар ва ихтисослашган марказлар раҳбарларининг ҳисоботи эшитилди. Улар йил якунига қадар ва келгуси йил учун режаларини ҳам батафсил тушунтирди, дейилади хабарда.

Президент муҳокама қилинган масалаларнинг барчаси фақат ва фақат халқимизни рози қилишга қаратилганини таъкидлади.


«Биз бугунги кунда инсон ҳаёти, унинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашни давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айлантирмоқдамиз. «Инсон — жамият — давлат» деган қоидани ҳаётимизга жорий этмоқдамиз. Бу борада, ҳеч шубҳасиз, тиббиёт ғоят муҳим ўрин тутади. Бу соҳада масаланинг катта-кичиги йўқ. Ҳаммаси бирдек муҳим.

Барча ҳокимлар, бу ерда ўтирган раҳбарлар эшитиб олсин: бир бемор одамни дардига дармон бўлиб, унинг соғлиғини тикласак, ҳаётга қайтарсак, билингки, бу билан бутун оиланинг бахтини, келажагини таъминлаган бўламиз", — деди давлат раҳбари.

Маълумот учун, 2022 йилда янги 106 та оилавий шифокор пункти ва поликлиникалар, мингта маҳалла тиббиёт пункти ташкил этилди. Бу орқали 3,5 миллион аҳолига бирламчи тиббий хизмат яқинлаштирилди.

Келтирилишича, оилавий шифокорлар томонидан бепул тарқатиладиган дорилар 45 турдан 70 турга етказилди. Бунга ажратилаётган маблағлар ҳажми эса ўтган йилга нисбатан 3 баравар оширилди (188 млрд сўмдан 540 млрд сўмга). Шунингдек, 820 та бирламчи тиббиёт муассасасига УЗИ ва ЭКГ ускуналари етказиб берилди. Оилавий поликлиникаларда 19,5 мингта кундузги шифо ўринлари ташкил этилди. Бунинг натижасида 740 минг аҳолига шифохонага бормасдан, маҳалланинг ўзида даволаниш имконияти яратилди. Тиббиёт ходимлари ойлиги 30 фоизгача оширилди.

Шунингдек, шифокорларга иш самарадорлиги ва натижасига қараб табақалаштирилган рағбатлантириш ва устама тўловлари жорий этилди. Умуман, жорий йилда тиббиётга 28 трлн сўм ажратилмоқда ва бу ўтган йилга нисбатан 1,3 баравар кўп, дейилади хабарда.