Тошкент шаҳрининг Шота Руставели кўчасида жойлашган Ikkichi савдо дўконида «Давлат тили тўғрисида» ги қонун талаблари бузилиши юзасидан огоҳлантирилди. Бу ҳақда Яккасарой тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Туман ҳокимининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Нигора Умарова Qitmir chol Telegram-каналида дўкон кўринишидаги ёзув сурати пайдо бўлганидан сўнг вазиятни ўрганди.

Пешлавҳада «O'zbek kiyim-ke4ak, ko’janni somkala va xokazolar brendi» деб ёзилган. Шу билан бирга, матнда хатоларга атайлаб йўл қўйилгани, бунда ёшлар мулоқот ва ёзишмаларда фаол фойдаланадиган белги ва сўзларнинг киритилгани тушунарли.

Нигора Умарова тадбиркорга «Давлат тили тўғрисида»ги қонун талабларини тушунтириб, камчиликларни бартараф этиш юзасидан огоҳлантириш хати ҳам юборди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

«Шу ўринда юртдошларимизга яна бир бор эслатиб ўтамиз. Тил қоидаларига амал қилинишига ҳар биримиз масъулдирмиз. «Давлат тили тўғриси»даги қонун талабларига кўра, бирон реклама ёки эълон, кўргазмали ёзувлар бўлса, олдин давлат тилимизда, яъни ўзбек тилида хатоларсиз, кейин бошқа тилларда ёзилиши шарт», — дейилади хабарда.

Ikkichi қандай дўкон?

Ikkichi бюджетли концептуал бренди ўтган йили Black Quail чарм маҳсулотлари бренди асосчиси Паҳлавон Турдиев томонидан йўлга қўйилган. Ўшанда у шундай деб ёзган эди: «Ikkichi нафақат кийим, балки ўзбек модасини ҳам англатади. Фақат икат либосларини эмас, балки маданий кодни ҳам англатади. Бу бизнинг шеваларимиз, ўзига хос анъаналаримиз ва бизни ўзбек қиладиган барча нарсалар ҳақида. Ikkichi орқали ўзлигимизни очиб беришга ҳаракат қилмоқчиман. Хатолар, ўзбек жаргони, ҳаддан ташқари беадаблик ва қўпол ҳазил ёрдамида биз йўқотилган авлод ҳақида гапирамиз ва ўзига хос миллий кодни шакллантирамиз. Турли соҳаларнинг афоризмлари ва диалектлари орқали — минтақалараро маданий алмашинувга эришамиз».

Ikkichi ассортиментида маҳаллий материаллардан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган кичик чарм аксессуарлар, пайпоқ ва кийим-кечаклар мавжуд.

«Маданият ва саводхонлик учун киноя ва кўча жаргонлари орқали манифест эълон қилиш», — дейилади бренднинг Instagram-аккаунтида. Маҳсулот тоифалари «Somka», «Miw-miwla», «Shlopkala», «Mayda4uda», «Wmotkala», «Belbo», «Kawlyog» деб номланади. Компания ижтимоий тармоқлардаги барча постларда ва ҳатто мижозлар билан ёзишмаларда киноя ва жаргон сўзлардан фойдаланади, «Газета.uz» бунга шахсан («брат», «чой-пойга келинг») гувоҳ бўлди.

«Газета.uz» ушбу вазият бўйича изоҳ олиш мақсадида Паҳлавон Турдиев билан боғланди. У дўконнинг огоҳлантирилганини ҳокимлик каналидан билганини ва кимдир товар белгисининг моҳиятини тушунмай, ўзини «иккичи» деб атаган брендга огоҳлантириш юборганини киноя деб атади.

«Бизнинг брендимиз, ёндашувимиз ёки пешлавҳаларимиз хато қилишга ундамайди, бу тилга бепарво муносабат эмас — ўзбек халқи азалдан ҳазилни яхши кўрган, доимо ижобий муносабатда бўлган. Аксинча, жаргон ва афоризмлар орқали концепциямизда белгиланганидек маданият ва саводхонлик манифестини ифода этиб, камчиликларимизни масхара қиламиз ва шу билан бирга ёшларнинг ўзини намоён этишига ҳисса қўшамиз», — дейди бренд асосчиси.

«Бизнинг вазифамиз ёшларга кийим ва аксессуарлар орқали ўзини, ўз фикрларини ифода этиш имкониятини беришдир. Ҳозирги ёшлар бизникига ўхшамайди, бутунлай бошқача, эркинликни севувчи, меҳрибон, дунёни яхши томонга ўзгартиради», — деди Паҳлавон Турдиев.

Ўзбекистонда лотин алифбосини кирилл алифбоси билан аралаштириб ёзадиган авлод етишиб чиқди, лотин ёзувида ёзилган русча сўзлар ҳамма ерда учрайди, Ikkichi эса воқеликнинг акси, холос, деди у.

«Ikkichi — рўйхатдан ўтган бренд бўлиб, унинг маҳсулотлари ёшларга манзур бўлмоқда. Биз ҳамёнбоп кийимлар бўйича маҳаллий етакчи бўлишни хоҳлаймиз. Биз Ўзбекистоннинг янги ёшларига ўзини намоён қилишга ёрдам бермоқчимиз. Менинг орзуим бутун дунёдаги ўзбеклар бир-бирини бизнинг принтимиз орқали танисин», — деди компания раҳбари.

Хулоса ўрнида Паҳлавон Турдиев шундай деди: «Агар бизнинг брендимиз тирик одамдек жавоб бера олса, бу ҳолатга қуйидагича изоҳ берган бўларди: «Bugn oqutuv4m kankretniy ikki q6ydi dnevnigimga, agar togrlamasam adamni ota 0nalar majlisiga chaqirwarekanla».