27 октябрь куни ижтимоий тармоқларда «Абу сахий» буюм бозоридаги кўп қаватли автотураргоҳда автомобиль ёнгани ҳақида чиққан хабарларга Чилонзор тумани ҳокимлиги муносабат билдирди.

Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштриш бошқармаси ва туман Фавқулодда вазиятлар бошқармаси мутасаддиларининг маълумот беришича, пайшанба куни тонгги соат 6:52 ларда «Тошкент савдо маркази» ҳудудида жойлашган кўп қаватли автотураргоҳнинг 5-қаватида давлат рақами 01 L 250 ВВ бўлган Orlando машинасининг двигатель қисмида техник носозлик сабабли қисқа туташув бўлган. Натижада, автотранспорт капот остидаги электр симлари ёниб кетган.

«Тошкент савдо маркази» Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ходимлари соат 7:10 ларда ёнғинни тўлиқ бартараф этган. Ҳодисада ҳеч кимга зарар етмаган, шунингдек, бино ва атрофдаги бошқа авто уловларга ҳам зарар етказилмаган.

Чилонзор тумани ФВБ масъуллари ёнғин ҳақида Тошкент шаҳар ФВБга хабар келиб тушмагани, ҳозирда туман ФВБ автотураргоҳда ёнғин сабаблари ва ёнғин хавфсизлиги ҳолатларини текшираётганини маълум қилди.