Давлатдан нафақа олувчи эҳтиёжманд оилалар сони 2 млндан ортиқ, бироқ уларнинг ҳаммаси ҳам кам таъминланган бўлиб чиқмаяпти. Бу ҳақда молия вазири Тимур Ишметов 25 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатлаги ялпи мажлисида маълум қилди.

Мазкур мавзуга депутатлар томонидан 2022 йилга мўлжалланган давлат дастурининг тўққиз ой якуни бўйича ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи кенг муҳокамаси вақтида тўхталиб ўтилди.

Жумладан, ЎзЛиДеП партия фракцияси аъзоси Жумаев Нодир томонидан Молия вазирлигига тараққиёт стратегиясида ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича белгиланган вазифалар доирасида 2026 йилга қадар эҳтиёжманд аҳоли ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан тўлиқ қамраб олиниши юзасидан ўтган йилда амалга оширилган ишлар сарҳисобини келтиришни сўради.

«Бу бўйича ишлар ўтган йилдан бери қадамма-қадам амалга ошириб келинмоқда. 2021 йилдан минимал истеъмол харажатлари меъзони киритилди. Ўз навбатида, 2022 йилдан бошлаб ягона ижтимоий ҳимоя реестрига қабул қилиш учун минимал харажатлар аҳоли жон бошига тушадиган даромадни белгиловчи меъзон сифатида белгиланди. Агар аҳоли даромадлари ушбу минимал харажатлардан кам бўлса ягона реестрга киритилишга ва давлатдан нафақа тайинланишига сабаб бўлади», — дея жавоб берди молия вазири.

Шунингдек, мутасадди вакил охирги уч йил ичида давлат томонидан нафақа оладиган оилалар сони кескин ўсганини қайд этди.

«2019 йилда 600 мингга яқин оилалар давлатдан нафақа олган, ҳозирга келиб бундай оилалар сони 2 млндан ошди. Бу Ўзбекистонда мавжуд оилаларнинг 25−26 фоизини ташкил этади», — дея таъкидлади Тимур Ишметов.

Шунингдек, у ягона реестрни доимо такомиллаштириб бориш кераклигини ва сифат томондан ҳам маҳаллалардаги тегишли вакиллар билан ҳамкорликда иш олиб борилаётганини қайд этди.

«Олдимизда турган савол: қамров кенгайди, аммо ишларнинг сифати қандай кетаётганини ҳам назоратга олиш вазифаси турибди. 2026 йилгача юқорида айтиб ўтилган қадамларни янада ривожлантирамиз. Ҳоким ёрдамчилари ва аёллар фаоллари ёрдамида хонадонма хонадон юриб, нафақа олаётганлар ҳақиқатдан ҳам кам таъминлангани ёки йўқлиги борасида қўшимча маълумотлар йиғяпмиз. Амалиётда кўринмоқдаки, мезонларни айрим ҳолларда қатъийлаштиришимиз керак. Биз расмий равишда 20 дан ортиқ вазирликлар базаларидан йиғилган маълумотларга асосан, эҳтиёжманд деб кўрилаётган оилаларнинг айримлари эҳтиёжманд эмас бўлиб чиқяпти. Ёки аксинча, эҳтиёжманд оилаларни қамраб олиш етарли бўлмаяпти. Бу бўйича ишлашимиз лозим», — дея фикрига якун ясади молия вазири.