Регулятор банк тизими фаолияти кўрсаткичларига оид октябрь ойидаги маълумотларни тақдим этди.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, сентябрда банк тизими бўйича ниҳоят депозитлар қолдиғининг ўсиши 0,5%гача секинлашган, курс фарқи эффекти ҳисобга олинса эса деярли тўхтаган. Аҳоли омонатлари жами қолдиғи март ойидан бери биринчи марта қисқарган (-709 млрд сўм).

Сентябрда депозитларнинг энг катта қисқариши «Миллий банк»да кузатилган (-5,3 трлн сўм). Буни импортни молиялаштириш учун катта миқдорда конвертация ва тўлов ёки йирик қолдиқларни бошқа давлат банкига ўтказилиши билангина изоҳлаш мумкин. Энг катта ўсиш эса «Ипотекабанк»да (+4,4 млрд.сўм).

Хусусий банклар орасида энг катта ўсишга ОФБ эришган (+1,9 трлн сўм). ОФБ бу борада узоқ вақтдан бери депозит жамғаришда илғорлик қилиб келаётган Капиталбанкни ҳам ортда қолдирган (+764 млрд сўм).

Ахборот маконида тўсатдан шакллантирилган негатив фонга қарамай, онлайн банклардан «Анорбанк» депозит портфелини 183 млрд сўмга, ТВС банк эса 70 млрд сўмга кўпайтира олган.

Шунингдек, МБ томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, 1 октябрь ҳолатида Ўзбекистонда мавжуд 33 та банк аҳоли ва юридик шахсларга 362 933 кредит ажратган.

Давлат улуши мавжуд 12 та банк орасида «Ўзмиллийбанк» (82 842), «Ўзсаноатқурилишбанк» (45 552), «Агробанк» (37 291) энг кўп кредит портфелига эга. Муаммоли кредитлар сони бўйича эса «Халқ банки» (3 355) юқори кўрсаткични қайд этди.

Банкларнинг даромадлилик даражаси 2021 йилнинг мос даври билан солиштирганда барча кўрсаткичлар бўйича ўсишни қайд этди.

Шунингдек, муаммоли кредитларнинг жами кредитлардаги улуши бўйича «Ўзагроэкспортбанк»нинг улуши (+90%) юқори бўлиб қолмоқда.

Тижорат банклари кредит қўйилмалари савдо ва умумий хизматлар тармоғида кузатилган бўлиб, ўтган йилнинг мос даври билан солиштирганда 15,3% ўсишни қайд этди.