Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпинга Хитой Коммунистик партиясининг XX қурултойи муваффақиятли ўтказилгани ҳамда у партиянинг Марказий қўмитаси Бош котиби лавозимига қайта сайлангани муносабати билан табрик йўллади. Бу ҳақда президент матбуот котиби хабар қилди.

«Хитой Халқ Республикаси Сизнинг раҳбарлигингиз остида мисли кўрилмаган ютуқларга эришиб келмоқда. Узоқни кўзлаган доно сиёсатингиз, олиб бораётган кенг кўламли ислоҳотларингиз, аввало, Хитой халқининг турмуш тарзини тубдан яхшилашга ва мамлакатнинг бардавом тараққиётини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда», — дейилади жумладан мактубда.

Давлат раҳбари Си Цзиньпин томонидан эълон қилинган янги режалар ва олға сурилган барча ташаббуслар Хитой давлатининг гуллаб-яшнашига муносиб ҳисса қўшиши ва унинг халқаро нуфузини янада юксалтиришига ишонч билдирган. Бугунги кунда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи савдо ҳамкорига айлангани, мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик барча соҳаларда жадал ривожланиб бораётгани алоҳида қайд этилган.

«Сиз, азиз биродарим билан бундан кейин ҳам дўстона ва очиқ мулоқотларни давом эттиришга тайёрлигимни билдираман. Ишончим комилки, келажакда Ўзбекистон-Хитой ўзаро манфаатли алоқаларини биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз билан янада юқори чўққиларга албатта олиб чиқамиз», — дейилади мактубда.

Ўзбекистон президенти Си Цзиньпинга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат ва масъулиятли давлатчилик фаолиятида янги зафарлар, дўст Хитой халқига эса тинчлик ва давомий равнақ тилади.

Си Цзиньпин якшанба куни бўлиб ўтган 20-чақириқ биринчи ялпи мажлисида ХКП Марказий қўмитаси раҳбари этиб сайланди, дея хабар бермоқда Синхуа давлат ахборот агентлиги. Си Цзиньпин, шунингдек, ХКП Марказий ҳарбий кенгаши раиси лавозимига ҳам қайта тайинланди.

ХХР Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси Доимий қўмитасининг янги таркиби: Си Цзиньпин, ХКП марказий комиссиясининг тартиб-интизомни текшириш котиби Чжао Лэцзи, Хитой партияси Марказий қўмитасининг маънавий маданиятни юксалтиришга раҳбарлик қилиш бўйича раиси Ван Хунин, ХКП Шанхай шаҳар қўмитаси Ли Цян, ХКП Гуандун провинцияси қўмитаси раиси Ли Си, ХКП Пекин шаҳар қўмитаси раҳбари Цай Ци ва ХКП Марказий қўмитаси канцелярияси бошлиғи Дин Сюэсяндан иборат, деб ёзади «РИА Новости». Ли Цян, Ли Си, Цай Ци, Дин Сюэсян Доимий қўмитага биринчи марта қўшилишди.

ХКП бош котиби лавозимига қайта сайланиши Си Цзинпиннинг 2023 йилда Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (мамлакат парламенти) сессиясида Хитой Халқ Республикаси раиси лавозимига қайта сайланишига йўл очади, дея аниқлик киритмоқда «Интерфакс». У 2013 йилдан буён давлат раҳбари бўлиб, 2018 йилда парламент сессиясида ХХР раиси ваколатларини икки муддатга чеклашни бекор қилувчи конституцияга ўзгартиришлар киритилди. Хитой Коммунистик партияси Низомида олий партия лавозимини эгаллаш учун муддат белгиланмаган. ХХРнинг аввалги раҳбарлари икки муддатдан ортиқ бўлмаган муддатга сайланган.

Шанба куни бўлиб ўтган ХКП ХХ қурултойининг якуний йиғилишида делегатлар партия низомига бир қатор ўзгартиришларни маъқулладилар, бу эса Си Цзиньпиннинг ХКПнинг ўзаги сифатидаги ролини янада мустаҳкамлаб, унинг ғояларини «XXI аср марксизми» ва «хитой маданияти ва хитой руҳининг квинтэссенция» деб атади", — дея хабар беради РИА Новости.

Шу куни турли миш-мишларга сабаб бўлган воқеа содир бўлди. Си Цзинпиндан аввалги ХХР раиси, ХКП бош котибининг чап томонида ўтирган 79 ёшли Ху Цзинтаони йиғилишдан икки киши қўлтиқлаб олиб чиқиб кетилди. Бир оздан сўнг Синхуа агентлиги Ху Цзинтао ўзини ёмон ҳис қилгани ва унинг ёрдамчилари уни учрашув ёнидаги хонага кузатиб қўйганини маълум қилди.