Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳамроҳлигида Ашхободда «Тошкент» боғининг тантанали очилиш маросимида иштирок этди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Боғ Туркманистон пойтахтининг Махтумқули шоҳкўчасида, гавжум масканда жойлашган. Уч гектар майдонда ландшафтли гулзорлар ташкил этилган, Тошкентнинг диққатга сазовор жойлари нусхалари барпо этилган.

Давлат раҳбарлари бу ерда яратилган шароитларни кўздан кечирди. Эзгу ниятлар ифодаси сифатида боққа дарахтлар экди.

Ўзбек ва туркман миллий куй-қўшиқлари ижро этилди. Президентлар шу ерда тўйини нишонлаётган ёш оилага бахт-саодат тилади.

Маросимда икки мамлакат расмий делегациялари, Ашхобод жамоатчилиги вакиллари, ёшлар қатнашди.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилда Туркманистон президентининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Тошкентда «Ашхобод» боғи очилган эди.

Шу ерда «Хоразм — Тошовуз» чегараолди савдо зонасининг қурилишига бағишланган маросим бўлди. Чегараолди савдо зонаси икки мамлакатнинг чегарадош ҳудудида, «Шовот — Тошовуз» ўтказиш пункти ёнида қурилмоқда. Унинг умумий майдони 20 гектарни ташкил этади.

Бугун ушбу масканни барпо этишни ишларини давом эттириш ва унинг фаолиятини тартибга солиш бўйича баённома ҳам имзоланди. Ҳудудда савдо расталари, омборхоналар, контейнерлар учун майдончалар ва тадбиркорлар учун иш жойларидан иборат замонавий инфратузилма яратиш режалаштирилган. Ушбу савдо ҳудуди ўзаро савдонинг ошишига, бизнес алоқаларнинг фаоллашишига хизмат қилади.

Хоразм ва Тошовуз вилояти оқсоқоллари, мутасаддилар видеоалоқа орқали барчани ушбу воқеа билан табриклаб, қурилишни бошлашга рухсат сўради. Ўзбекистон ва Туркманистон президентлари бу хайрли ишга оқ фотиҳа берди.

Фото