Тошкентда «Ўзбекистон фтизиатрияси асоси — профилактика, диагностика ва даволашдаги инновацияларнинг яратилиши ҳамда истиқболлари» мавзусидаги халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, унда вазирлик вакиллари ва ЖССТ Европа минтақавий бюроси, «Чегара билмас шифокорлар» халқаро мурувват ташкилоти Лондон идораси, Силни тўхтатиш (Stop-TB Partnership) ташкилоти, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), ОИТС, сил ва безгакка қарши кураш Глобал жамғармаси вакиллари, фтизиатрия ва пульмонология соҳасига ихтисослашган тиббиёт муассасалари мутахассислари иштирок этган.

Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази туберкулёз ва сурункали носпецифик ўпка касалликларига қарши курашиш, уларни энг замонавий усуллар асосида самарали даволашга хизмат қилувчи етакчи илмий муассаса ҳисобланади.

Ўзбекистон фтизиатрия хизмати роппа-роса бир асрлик тарихга эга. Кейинги йилларда профилактик чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистонда сил, гепатит ва шу каби эпидемиологик хасталикларга чалиниш ҳолатлари сезиларли даражада камайди.

Унда келтирилишича, бугун жаҳон миқёсида дориларга мослашувчан сил билан касалланган беморларнинг даволаш самарадорлиги 85 фоизни ташкил қилмоқда. Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич 91 фоизга тенг.

Авваллари мазкур хасталикка чалинган беморлар 8−10 ойлаб шифохонада даволанган бўлса, бугун бу жараён ўрта ҳисобда 60 кунни ташкил қилмоқда. Боиси, марказ мутахассислари муолажа жараёнида юқори технологияларга асосланган илғор жарроҳлик амалиётларини қўллайди.

Қолаверса, хавф гуруҳига кирувчи аҳоли, хусусан, фертиль ёшидаги аёллар ва ўсмир қизлар флюорографик текширувлардан мунтазам ўтказилаётгани сабаб Ўзбекистонда туберкулёз билан касалланиш 2 маротаба, хасталик туфайли ўлим ҳолатлари эса 6 маротабага камайди.

Тадбирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Чегара билмас шифокорлар» билан ҳамкорликда ушбу касалликни даволашда энг сўнгги илм-фан ютуқларини қўллаган ҳолда қисқа, самарали ва хавфсиз янги дастур амалга оширилаётганини эълон қилди. Мазкур янги лойиҳа SMARRTT (рифампицинга резистент туберкулёз касаллиги учун олти ойлик перорал режимлари) деб номланиб, дунёнинг бир қатор мамлакатларида ўтказилади.

Айтиш керак, бундай даволаниш муддати аввалгидек икки йил ёки ундан кўп вақт эмас, балки атиги олти ойни ташкил қилади. Ўзбекистонда ўтказилган клиник тадқиқот натижаларидан келиб чиққан ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ушбу муолажа режимини ўзининг янгиланган даволаш кўрсатмаларига киритилишини эълон қилди.

Аввалроқ, АҚШ Ўзбекистонга 141 минг долларлик силга қарши скрининг учун фойдаланадиган 2 та портатив рентген ускуналарини тақдим қилгани ҳақида хабар берилганди.