Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида жойлашган Start cars лизинг компанияси мижозларига Ўзбекистонда ҳали ишлаб чиқарилмаган Chevrolet Onix автомашиналарини етказиб беришни таклиф қилди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Бу ҳақда 12 октябрь куни ИИВ Жиноят қидирув бош бошқармасига UzAuto Motors раҳбарияти томонидан мурожаат келиб тушган. Унда лизинг компанияс нархи ҳам номаълум бўлган автомашинани фуқароларга 160,4 млн сўмга сотаётганлигини маълум қилган.

Мазкур мурожаатга асосан 13 октябрь куни ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ҳамда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилди.

Тадбир давомида Start cars директори ва жамият менежери харидорга Onix русумли автомашинани шартнома асосида 2023 йил январь ойига қадар олиб чиқиб бериш эвазига ундан 160,5 млн сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳолат юзасидан Бош прокуратура ҳузуридаги департаментининг Қибрай тумани бўлими томонидан Start cars мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) 4-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.