Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) экспертлари «Қўнғироқ ҳуқуқи», шунингдек, лоббичилик, непотизм, фаворитизмнинг иқтисодиётга кўрсатадиган таъсирини ўрганди.

Иқтисодий ривожланишнинг замонавий шароитидаги асосий муаммолардан бири бу коррупциядир. У нафақат пул маблағларини ўзлаштириш ва пора олишда, балки «қўнғироқ ҳуқуқи» каби шаклда ҳам ўзини намоён қилиши мумкин.

«Қўнғироқ ҳуқуқи» — бу шахсий ваколат ва эгаллаб турган лавозим имкониятларидан фойдаланган ҳолда, муаммони ҳал қилишда мавжуд босим воситаларидан фойдаланиш. Буйруқлар расмий равишда тегишли бўлмаган ташкилотларга «диагональ йўналишда» берилади ва бўйсунишдан бош тортганлар эса хизмат мукофотларидан, баъзан эса мартабаларидан маҳрум бўлишлари мумкин.

«Қўнғироқ ҳуқуқи» турли соҳаларда мавжуд ва умумий иқтисодиёт учун ҳам, алоҳида корхоналар учун ҳам турли оқибатларга олиб келади. «Қўнғироқ ҳуқуқи», шунингдек, лоббичилик, непотизм, фаворитизм ва бошқа шу каби тушунчаларни ўз ичига олиши мумкин.

«Қўнғироқ ҳуқуқи» ёки унинг непотизм кўринишидаги шакли инсон капиталининг ривожланишига тўсқинлик қилиб, иқтисодий ривожланишга салбий таъсир этади. Марcелло Перез-Алварез и Холгер Струлик ўз тадқиқотида меҳнат бозорида «Қўнғироқ ҳуқуқи» га дуч келган ташкилотлар инсон капиталига сармоя киритишда заиф иқтисодий мотивацияга эга эканлигини аниқлади.

Непотизм — қариндош-уруғ ва ошна-оғайничилик алоқаларини биринчи ўринга қўйган холда, камчиликлари ва бошқа хислатларига эътибор бермасдан сиёсатда ёки тадбиркорликда уларга махсус шароит яратиб беришлик, қўллаб-қувватлаш, касбларида ва ишларида мулозимлик поғонасида кўтарилиши, бойлик орттиришларида ёрдам беришлик иллатидир.

Асланова Нателла ўзининг мақоласида қариндошчиликнинг давлат даражасида ривожланиши ушбу муаммони ижтимоий-иқтисодий соҳада бартараф этишни иложсиз қилади, коррупция ва уюшган жиноятчилик таъсирининг кучайишига хизмат қилади деб таъкидлайди.

Фаворитизм ва қариндош-уруғчилик раҳбарлик лавозимлари учун соғлом рақобатда тўсқинлик қилади, самаралироқ ходимларнинг мартабаси ошмаслигига ва оқибатда «ақлнинг» мамлакатдан чиқиб кетишига сабаб бўлади. Фаворитизм, айниқса қариндош-уруғчилик коррупцияни рағбатлантиради. Умуман олганда, Сафина Д. хайрихоҳлик ва қариндошчилик ташкилий ва иқтисодий ривожланишга салбий таъсир қилади, деган хулосага келади.

Коррупция ҳар қандай шаклда иқтисодий ўсишга жиддий салбий таъсир кўрсатади. Клаус Грундлер ва Никлас Потрафке коррупция даражаси (Transparency International ташкилотининг коррупцияни идрок этиш индекси (SPI) 1 стандарт бирликка ўсиши, узоқ муддатли истиқболда аҳоли жон бошига реал ЯИМ 17% га камайишига олиб келишини исботлади.