Маърифатсиз жамият — зулматга маҳкум. Эрксиз миллатнинг таназзули муқаррар. Илму-маърифатсиз жамият ўз тараққиёт йўлини очиқ кўз билан кўришга қодир эмас. Эрксиз миллат ўз тақдирига даҳлдор катта-кичик қарорларни мустақил қабул қилиш ҳуқуқидан мосуводир. Бир миллат бир вақтнинг ўзида ҳам маърифатдан, ҳам эркидан маҳрум этилиши уни қолоқликка, мутеликка, алалоқибат, миллат сифатида таназзулга етаклайди. Сабаби, у ўзини миллат сифатида танитиб турувчи белгиларини аста-секин йўқотиб, онгсиз оломонга эврилади.

Босқинчи давлат ўз мустамлакасида ерли аҳолини ҳақ-ҳуқуқларидан ҳам кўра илмдан йироқ тутишга кўпроқ уринади. Сабаб — илмсиз киши мавжуд ҳақ-ҳуқуқини ҳам танимаслиги мумкин, бироқ илмли киши шубҳасиз эркинликка талпинади. Ҳар томондан солинган сиртмоқларни узиш, кишанларни парчалаш йўлида бор ақлу-заковатини ишга солади. Қолаверса, у илмсизга ҳам ўз ҳақ-ҳуқуқини танитиб қўйиши эҳтимолдан йироқ эмас.

Мирзакалон Исмоилийнинг (1908−1986) «Фарғона тонг отгунча» тарихий романи XX аср биринчи ярмида босқинчи чор Россияси ҳукмронлиги остидаги Туркистон ўлкасининг қонга ботирилган тарихи — қамчисидан қон томган катта-кичик амалдорлар, нафси бузуқ бойларнинг зулми, фитна ва алдовлари ортидан қашшоқликка маҳкум, илму-маърифатдан йироқ, ҳақ-ҳуқуқлари ва эркидан маҳрум, қора меҳнатдан боши чиқмаган, шунга қарамай, мудом ёруғ кунлар илинжида яшаб ўтган тақдирларга бағишланади. Муаллиф мустамлака йилларида яшаб, мустабид ҳукумат таъқибига учраган, зулмни ўз танасидан ўтказган киши сифатида ўша даврлардаги халқ дардини қалбан ҳис этган ва буни китобхон кўнглига маҳорат билан кўчиришга муваффақ бўлган. Асар дастлабки саҳифаларданоқ ўқувчини ўз қатларига сингдириб юборади-ю, ўқувчи қаҳрамонлар тақдирига улар билан елкама-елка туриб гувоҳ бўлади.

Бугун ўша қора кунларни яшаб ўтган аждодлар ҳамда муаллиф хотирасига чуқур ҳурмат билан, ана шу роман хусусида гаплашишни лозим топдик.

Мозийга қайтиб…

Асар моҳияти ва ғояларини теранроқ англаш учун асар воқеалари бўлиб ўтган давр тарихини бир қур эсга олиш мақсадга мувофиқ.

XIX аср биринчи ярмида Ўрта Осиё хонликлари ўртасидаги тўхтовсиз уруш ва зиддиятлар уларнинг янги мустамлакалар учун тинимсиз кураш олиб бораётган йирик мустамлакачи давлатлар кўз ўнгида тайёр ўлжага айланишларига замин яратди. Хонликлар билан фаол савдо алоқаларига эга бўлган Англиянинг Ўрта Осиёни эгаллаши ёки ўзига қарши қўйишидан хавфсираган Россия империяси қулай фурсат туғилиши билан отни қамчилаб қолишни маъқул деб топди. Ўрта Осиё халқлари босқинчиларга фаол қаршилик кўрсатганлигига қарамай, ҳукмрон доиралар ўртасидаги бошбошдоқлик, якдилликнинг йўқлиги охир-оқибат хонликларни мустамлакага айлантирди. 1967 йилда Россия империяси Ўрта Осиё устидан тўлиқ назорат ўрнатиб, тўла ҳарбийлашган Туркистон генерал-губернаторлигини ташкил этди, генерал-губернатор ҳамда ҳокимларга мислсиз ваколатлар берди.

Туркистон ўлкаси Россия енгил саноати учун хомашё базаси, Европа бозорлари билан рақобатлаша олмайдиган маҳаллий ишлаб чиқарувчилари учун потенциал янги бозор вазифасини ўтади, қолаверса, қашшоқ рус деҳқонларини ҳосилдор ерлар билан таъминлашда муҳим рол ўйнади. Ўлканинг барча табиий бойликлари Россия империяси иқтисодиётига йўналтирилди.

Хусусан, ер давлат ихтиёрига ўтказилиб, хусусий ер майдонлари ижара ҳуқуқи асосида фойдаланиш эвазига йирик миқдордаги солиққа тортилди. Солиқни тўлашга қурби етмай, қарзга ботган камбағал деҳқонлар учун ерларини давлатга ёки маҳаллий бойларга арзонгаров пуллаб, йирик мулкдорлар қўлида арзимаган ҳақ эвазига ишлашдан бошқа чора қолдирилмади. Энг ҳосилдор ерлар янги кўчириб келтирилган қашшоқ рус деҳқонлари ва казакларга олиб берилди. Россиядан кириб келган саноат товарлари маҳаллий ҳунармандлар маҳсулотларини бозордан сиқиб чиқара бошлади. Натижада тирикчилик манбайидан айрилган халқ тобора қашшоқлашди.

Маълумотларга кўра, XX аср бошларида маҳаллий аҳолининг 70 фоизини камбағаллар, 17 фоизини ўрта ҳол кишилар, 13 фоизини ўзига тўқ бойлар ташкил этган.

XIX аср охирларига келиб йўқчилик, ҳоким-тўраларнинг золимлиги, маҳаллий бойлар ва амалдорларнинг ўғри ва ноинсофлиги халқнинг сабр косасини тўлдирди — ўлканинг турли ҳудудларида қуролли қўзғолонлар авж олди. Мустабид ҳукумат эса қўзғолонларни шафқатсизларча бостириб, ўлкани қонга ботирди. Айни пайтда маҳаллий зиёлилар ўлкани мустабид зулмидан халос этиш, халқни ёруғликка олиб чиқишнинг бирдан-бир йўли маърифат эканлигига иймон келтиришди ва шу мақсадда ўз сафларини кенгайтириш, кучларини бирлаштириш тадоригини кўра бошлашди.

Маърифатсиз жамият — зулматга маҳкум

Романнинг биринчи китоби — «Қаър гулдуроси»да мустабид ҳукумат, шу билан бирга, кўзини давлат ва мансабнинг шираси босган аксарият маҳаллий бой ва амалдорлар томонидан ўлкада маърифатга қарши очилган уруш алангасига гувоҳ бўламиз. «Қора халқ»ни жаҳолатда, жисмонан қулликда, маънан қашшоқликда, маданий жиҳатдан қолоқликда тутиб туришдан манфаатдор бўлган уч тоифани ажратиб кўрсатиш мумкин. Бунда уларнинг ҳар қайсиси халқ орасида муайян таъсир кучи ва ваколатларга эга эканлиги билан ҳарактерланади.

Биринчи тоифа — мустабид ҳукумати амалдорлари. Улар халқнинг саводи чиқиб, ҳақ-ҳуқуқлари топталаётгани, табиий бойликлари тортиб олинаётгани ва ташиб кетилаётгани, уларнинг бир бурда нон илинжида қора терга ботиб қилган меҳнати эвазига империядаги катта-кичик амалдорлар ва ер эгалари, савдо-саноат вакиллари бойигандан-бойиб бораётганлигини тушуниб етиши мумкинлиги сабаб, уларни муттасил йўқсилликда, жаҳолатда сақлашдан манфаатдор эдилар. Зотан қашшоқликда кун кечирувчи кишининг тириклик ғамидан ортиб, илм талабида бўлиши реал воқеликда нисбатан мантиқсиз ҳодиса.

Қолаверса, ўлка аҳолиси қанчалик маънавий ва маданий жиҳатдан орқада бўлса, бу империянинг улар кўз ўнгидаги нуфузини шунчалик оширар, уни юксак тараққиёт намунаси қилиб кўрсатар эди.

Ҳукумат томонидан рус ва маҳаллий аҳоли болалари қўшиб ўқитиладиган рус-тузем мактаблари ташкил этилганлиги — бу ҳукуматнинг марҳамати эмас, балки маҳаллий аҳолини руслаштириш сиёсатининг бир қисми, аҳоли орасида рус маданиятини сингдириш йўлидаги тадбир эди. Бундан ташқари, қишлоқ ва қашшоқ оилалар фарзандлари бундай мактаблардан ҳам бенасиб эдилар.

Иккинчи тоифа — айрим ўзига тўқ бойлар. Бойлар, йирик ер ва ишлаб чиқариш эгаларининг манфаатлари ҳукумат манфаатлари билан нисбатан уйғун эди. Улар ўз фаолиятларида саводли, ҳисоб илмидан хабардор бўлган кишилар ёки бошқа турдаги техник ходимларга эҳтиёж сезсалар-да, уларнинг ерли аҳоли эмас, бошқа миллат вакиллари, хусусан, руслар бўлишини афзал кўрганлар. Сабаби — маҳаллий бойлар миллий бойликни қандай талон-торож қилаётганлари ёки бу борада босқинчиларга қандай кўмаклашаётганлари, камбағаллар нонини қандай туя қилаётганларидан ватандошларининг (бахтга қарши) хабардор бўлиб қолишию, уларга қарши бош кўтариши, бойликларини талаб, қўрғонларига ўт қўйишини, табиийки, истамас эдилар. Бундан ташқари, илм ўрганган, ҳақ-ҳуқуқини таниганлар уларнинг қўлида арзимас ҳақ эвазига меҳнат қилаётган меҳнаткашларни «йўлдан уриб қўйиши» эҳтимоли ҳам йўқ эмасди.

Учинчи тоифа — кўпчилик дин пешволари, жумладан, қозилар, имомлар, мусулмон болаларига диний илмлардан сабоқ берувчи мударрислар ва муллалар. Улар ўлкада маърифатнинг тараққий топишига икки асосга кўра жиддий қаршилик кўрсатишган. Бирламчи асос — улар дунёвий илмни ғайридинлар илми, шу нуқтаи назардан мусулмонлар учун бу илмларни ўрганиш ножоиз, деб ҳисоблаганлар.

Таассуфки, бу ўринда ғоятда мантиқли бўлган бир мулоҳаза бор: ер юзида инсонлар хилма-хил этник гуруҳлар, турли динларга мансуб бўлишларига қарамай, бир хил биологик ва бошқа турдаги эҳтиёжларга эга бўлиб, уларнинг ҳаёт тарзи қисман бир-бирига ўхшаши шубҳасиз. Шундай экан, улар бир хил илмларга эҳтиёж сезишлари ҳам табиий.

Улар айнан шу мулоҳазани эътибордан четда қолдирадилар. Қолаверса, улар кундалик турмушлари, ўз таъбирлари билан айтганда, ғайридинлар илмининг маҳсули бўлган катта-кичик хилма-хил ашёлар билан тўлиб-тошганлигини кўришдан ожиз эдилар. Иккинчи асос — кўпроқ диний илмлардан сабоқ берувчи мударрислар ва муллаларга тааллуқли бўлиб, улар дунёвий илмларнинг ўқитилиши, хусусан, янги усул мактабларининг оммалашиши натижасида ўз мактаб ва мадрасаларининг ёпилишидан хавотирда эдилар. Зеро, Яратганнинг қудрати ва марҳаматига муҳаббат уйғотишга эмас, бандаси олдидаги қўрқув ва ғайришуурий итоатга асосланган, аллақачон эскирган ўқитиш услуби болаларни тобора бездириб бораётган бир пайтда бу ҳавотир ўринсиз эмасди.

Шу ўринда яна бир жиҳатни эслаб ўтиш жоиз. Юқорида ҳам таъкидланганидек, қашшоқликда кун кечираётган халқ учун савод чиқариш, илм ўрганиш иккинчи даражали масала. Шундай экан, асосан ўрта ҳол ҳамда ўзига тўқ аҳоли вакилларидагина бундай имкон бор эди. Ўзига тўқ бойларнинг камбағалга қайишмаслиги ва ўрта ҳол аҳолининг қолган аҳоли қатлами олдида нисбатан озчиликни ташкил этиши ҳисобга олинса, халқпарвар, миллатпарвар саводлилар ва зиёлилар кўп бўлмаганлигини таҳмин этиш мумкин.

Бироқ маърифатнинг заррагина учқуни ҳам империя ҳокимиятининг мўртлашиши учун етарли бўлиши мумкинлигини англаган босқинчилар халқнинг саводини чиқариш мақсадида маҳаллий зиёлилар томонидан бошланган янги усул мактабларини ташкил этиш ҳаракатига тиш-тирноғи билан қарши чиқишган.

Хусусан, қаҳрамонимиз Ғуломжон мадрасани ташлаб, рус алифбосини ўрганиб, қишлоқ болаларининг саводини чиқариш мақсадида ўз уйида ташкил этган кичик мактабга қишлоқ қозиси ва имоми бошчилигида ўт қўйилиши ўлкада маърифатга қарата очилган урушнинг яққол намунаси сифатида намоён бўлади. Кейинроқ кичик Дилшоднинг, домласининг тазйиқлари, жисмоний озорларига қарамасдан дунёвий илмларни ўрганиш учун рус-тузем мактабига қочиб кетиши, рамзий маънода, маърифатнинг тутқунликдан ниҳоят халос бўлишидир эҳтимол.

Халқнинг бирлашиб, тош кесиб, тоғни тешиб, зилзиладан кейин қақраб қолган ерларга сув чиқариш йўлидаги жасоратида ҳам аллақандай рамзий маъно бордек. Зеро, илмсиз жамият қақраган ер каби ҳосилсиз, ҳеч нима унмайди.

Зулм устига қурилган ҳокимиятнинг таназзули муқаррар

Романнинг иккинчи китоби — «Сўнгги кеча» оддий фуқаро ҳақ-ҳуқуқларининг топталиши, халқ меҳнати эвазига бунёд бўлган бойликларнинг саноқли шахслар қўлида тўпланиши, айни пайтда, Биринчи жаҳон урушидаги мағлубияти ортидан подшо ҳокимиятининг емирилиши ва эзилган халқ қалбида ёруғ кунларга бўлган умид учқунларининг аланга олиши ҳақида ҳикоя қилади.

Биринчи жаҳон уруши даврида оддий халқ турмушининг янада оғирлашиши, бунинг устига, урушда кучсизланаётган, мағлубияти муқаррар бўлиб қолган Россия армияси таъминоти учун солиқларнинг оширилиши, ўлкадан юз минглаб ёш йигитларнинг номаълум муддатга мардикорликка олиб кетилиши халқнинг паймонасини тўлдирди.

Янги солиқ — ейишга бир бурда нони йўқ қашшоқ деҳқоннинг уйи куйди деган гап эди. Ҳоким, мингбоши ёки қозининг бир оғиз сўзи билан Сибир қилинган, авахтага ташланган ёки деворга босилган йигитларнинг доғи камлик қилгандек, энди «қора халқ» эрларини мардикорлик деган номаълум тақдир кутарди. Қанча оилалар боқувчисидан айрилиб, қишлоқлар бўшаб қола бошлаган эди. Бироқ урушдаги мағлубият ортидан подшо ҳокимиятининг заифлашаётганлиги маҳаллий зиёлилар, инқилоб кайфиятидаги кучларга қўл келди.

Айни пайтда инқилоб кайфиятидаги кучлар икки хил оқим бўйлаб ҳаракат қилмоқда эдилар. Биринчи оқим — ташқи кучлар, хусусан, Англия кўмаги билан буржуа инқилобини ясаб, ҳокимиятни миллатчилар қўлида ушлаб қолиш ва озчилик манфаатларига бўйсундириш тарафдорлари. Иккинчиси — пролетар диктатурасини ўрнатиб, ҳокимиятни ишчилар синфи қўлига ўтиши тарафдорлари. Ҳокимиятнинг мустабид ҳукумат қўлидан буржуа синфи қўлига ўтиши ишчилар синфи, оддий халқ вакиллари учун ҳеч қандай маъно англатмаслигини яхши англаган халқпарвар зиёлилар имкониятни бой бермаслик учун ҳаётларини хафвга қўйиб бўлса-да ҳаракат қилардилар.

Кўпчилик маҳаллий бой ва амалдорлар тобора ўз давлатлари ва ҳокимиятларини кенгайтириб, жаннатмонанд саройларига маҳлиё бўлиб, шохона ҳаёт завқини суриш билан банд эканлар, бу саройларнинг, ҳокимиятнинг, давлатнинг халқпарвар зиёлиларнинг хуфя тадбирлари ортидан кундан-кунга нураб бораётганидан хабарсиз қолдилар.

Илгари халқ тақдири азал деб кўниб келган бўлса, энди қарамликдан, ҳақ-ҳуқуқларнинг поймол этилишидан, танлов имконининг қолдирилмаслигидан бўғила бошлади ва жон талвасасида бирлашиб, фавқулодда бир жасорат билан золимларнинг қаршисига чиқишга ўзида ирода топа олди.

Қафасга тиқилган Тўти

Шу ўринда романнинг ҳар икки китобида алоҳида урғу берилган яна бир жиҳатга тўхталмоқчиман: биз қадрият деб атайдиган нарса — ёзилмаган ижтимоий меъёрлар ва ўша қадриятларнинг касрига қолиб, қадри топталган аёллар қисмати. Аёлнинг кимнингдир фарзанди, аёли, онаси, опаси, синглиси бўлишдан ташқари алоҳида шахс — одам эканлигини, ҳеч кими йўқ бўлган тақдирда ҳам мавжуд эканлигининг унутилиши.

Нима учундир мусулмон ёки аҳолисининг асосий қисми мусулмонлардан иборат дунёвий давлатларда аксарият аёллар тақдири, уларга бўлган муносабат бир-бирига ўхшаш: ҳали болалик ақли ва кайфияти тарк этмаган гўдаклар устидан бир буюмдек ҳукм ўқилади, мутаассиб оталар ўз манфаати йўлида қизларини пуллашдан, Тўтидек қафасга тиқиб, «палаҳмон тоши» деб бой харамига улоқтиришдан ор қилмайди, номуссиз бойлар ёки айрим дин пешволари кўзи тушганки аёлни бир нечта хотини устига никоҳлаб олиш пайида бўлади. У жаҳолат замони ўтиб кетди, дерсиз. Йўқ, ўтмади. Назаримда, бугун фақатгина ўзгарган тузум, қонун нисбатан тийиб турибди холос.

Ўша ўзбекчилик, қадрият деб ҳаспўшлаганлари — бир қиз — шахс тақдирига, туғилиш-туғилмаслигидан тортиб, ким билан турмуш қуриши, нечта фарзанд кўриши, боласи нима касб танлашигача, бутун бошли уруғи ҳокимлик қилиши — ўтакетган аҳмоқгарчилик.

Аслида аёлнинг ихтиёри отаси, акаси, укаси, эри, ўғли ёки унга алоқадор ҳар қандай эркак измида эмас. Тўғри, улар билан ҳисоблашади, маслаҳатлашади, фикрларини, ўзларини ҳурмат қилади, лекин энг охирги қарорни ўзи қабул қилиши лозим. Гап унинг тақдири устида кетганда, энг аввало унинг истаги билан ҳисоблашиш шарт.

Ҳар қандай раҳбар — халқ отаси эмас

Хулоса қилишдан олдин, романда эътиборимни тортган яна бир жиҳатни қайд этиб ўтмоқчиман.

Халқни узоқ йиллар давомида қон-қонига сингиб кетган «оқсоқол/ҳоким/раҳбар — юрт/халқ отаси» деган қарашлар ҳам хароб қилди, назаримда. Нега?

Келинг, ўша даврдаги ва ҳозирги кундаги аксарият классик ўзбек оилалари, ундаги отанинг ўрни ва отага нисбатан муносабатни кўз олдимизга келтирамиз.

Ота — улуғ зот. Бу унинг ҳамиша улуғланиши (масалан, уни мадҳ этиш ёки суратини уй тўрига осиб қўйиш ва ҳоказо) ва асло беҳурмат қилинмаслиги (масалан, сўзини икки қилмаслик, танқид қилмаслик ёки камчиликларини очиқ айтмаслик ва ҳоказо) лозимлигини англатади.

Ота — оила бошлиғи. Бу унинг ҳар қандай оилавий масала юзасидан ҳеч ким билан ҳисоблашмасдан мустақил қарор қабул қилиш (масалан, оилавий бюджетни қандай тақсимлаш) ва исталган оила аъзоси тақдири устидан унинг розилигисиз ҳукм чиқаришга (масалан, ўғлининг қайси касб эгаси бўлиши, қизини кимга узатиш ва ҳоказо) ҳақли эканлигини англатади.

Ота — оила таянчи ва посбони. Бу фарзандларнинг, масалан, кичиклигида оч қолишнинг ғамини қилмаслигини ёки қўшнининг ўзидан бақувватроқ боласи, отаси қулоғини чўзиб қўйишидан чўчиб, унга нисбатан муштумзўрлик қилмаслигини англатади.

Бундан ташқари, ота, айтайлик, қаттиққўлроқ бўлган тақдирда, айрим оилавий муаммолар ёки оила аъзоларининг «ишкаллари» ундан сир сақланиши, унга гўё ҳамма ишлар рисоладагидек, силлиқ кетаётгандек кўрсатилиши мумкин. Ёки ота уйга қайтадиган пайтда ҳовлига сув сепиб, супурилган, ҳаммаёқ чиннидек саришта, дастурхон тайёр, барча оила аъзолари қўллари кўксида, отанинг хизматига шай туришлари зарурлиги каби ёзилмаган ахлоқ қоидалари ҳам учраб туради.

Шунингдек, оила бошлиғининг уйга келишини жон ҳовучлаб кутадиган ўзбек оилалари йўқ эмас. Худди қишлоқ меҳнаткашлари ҳоким-тўранинг қишлоққа келиши тўғрисидаги хабарни ёқимсиз қарши олгани, жони бўғзига тиқилиб, бу сафар кимни ўққа тутади ё дорга остиради-ю, кимдир қамчи ёки дарра билан қутулиб қолади, деб бир-бирига мўлтираганидек.

Хўш, кўз олдингизга келган манзарада қайсидир жиҳатлар бошқа бир контекстда ҳам амал қиладигандек, жуда-жуда таниш туюлдими? Ҳа, халқни мана шу ўз бошига ўзи олиб келган анъанаси хароб қилди — ҳар қандай амал, мансаб эгасини, исталган раҳбарни «ота» деб бошига кўтарганлиги уни охир-оқибат ўша «ота»га фарзанд эмас, ё югурдак, ё қул бўлиш зарурати олдида танг қолдирди. Улар — содда, меҳнаткаш, шўрпешона халқ ҳар қандай амалдор ёки раҳбарнинг аслида халқнинг ёлланган хизматчиси эканлиги, унинг халқ манфаати йўлида кўрсатган кароматлари аслида халқ тўлаган ҳақ эвазига бажарилиши лозим бўлган ўз хизмат вазифаси эканлиги тўғрисидаги оддий ҳақиқатни англаб етмадилар.

Иккинчи китоб 1917 йил февралда юз берган миллий озодлик йўлидаги энг йирик халқ қўзғолони билан якунланади. Муаллиф мазкур инқилоб туб бурилишларга олиб келишига — ниҳоят тонг ёришишига умид билдириб, уни «тонг шафағи»га менгзаган. 1917 йил февраль воқеалари — подшо ҳукуматининг ағдарилиши халққа катта умид бағишлаганлигига қарамасдан, кўп ўтмай, ўша йилнинг кузида Туркистонда яна Россия мустамлакачи кучлари бошчилигида совет ҳокимияти ўрнатилади ва ундан кейинги 70 йилдан ортиқ вақт мобайнида ўлка яна қарамлик қисматига маҳкум этилади.

Муаллиф романни трилогия сифатида ҳаёлда пишитгани ҳақида ёзиб қолдирган. Бироқ, унинг ҳозиргача Собиқ иттифоқ даврида нашр эттирилган иккита китоби бизга маълум бўлиб, учинчи (эҳтимол, инқилобдан кейинги бир неча ўн йилликлар тарихи ёритилган) китоби нашрдан чиққанлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд эмас.

Асар ўлкамиз, аждодларимиз тарихи ва тақдирини шунчаки ўқиб чиқишни эмас, қалбан ҳис этишни истаган ҳар қандай китобхонни қўлдан қўймай ўқишга мажбур қила олади. Маҳоратли адиб ва таржимон Мирзакалон Исмоилий мазкур романи орқали аждодларнинг маърифат ва ҳурлик йўлидаги жасоратини абадийлаштириш баробарида китобхонни ва, эҳтимол, бутун бошли миллатни ўтмишдаги хатоларга очиқ кўз билан назар ташлаш ва улардан сабоқ олишга чақиради.

Муқаддамхон Саидрасулова — Ўзбекистон Миллий университети таянч докторанти, «Газета.uz» колумнисти.